16:46 / 25.08.2021
3441
Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” АЖ мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан ёшлар форуми ташкил этди

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан 2021 йил 22-24 август кунлари водий дурдонаси Наманган вилоятининг Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” ғоясини ўзида мужассам этган “Янги Ўзбекистоннинг бахтли ёшлари” форуми ташкил этилди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг ўттиз йиллиги байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида бўлиб ўтди.

“Ёшлар форумининг айнан Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясида ташкил этилишидан мақсад ҳам Президентимиз ташаббуси билан бунёд этилган ушбу ноёб иншоотни ёшларимизга таништиришдан иборат”, – деб таъкидлайди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бошқаруви раиси Фарҳод Абдураҳмонов.

Форумда мамлакатимиздаги энергетика корхоналари, шунингдек Наманган вилояти ёшлари иштирок этишди.

Спортнинг футбол, стол тенниси ва шахмат турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди.

Иссиқлик электр станцияларида жуда муҳим йўналишлар ҳисобланган ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва персоналга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича беллашувлар бўлиб ўтди.

Энергетика вазирлигининг ташаббуси билан форум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2021 йил 9 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2021 йил 9 августдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматлар сифатини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманида яшовчи 4 нафар ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ногирон болалари мавжуд оилаларга янги қурилган уйлар топширилди.

- Ушбу янги турар жой мажмуаси Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини бунёд этиш инвестиция лойиҳаси доирасида қуриб битказилган бўлиб, асосан станцияда фаолият юритаётган ишчи хизматчилар иш фаолияти давомида фойдаланиш учун мўлжалланганига қарамасдан, Президентимиз томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш учун ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар ва ногирон болалари мавжуд оилаларга ҳам ажратилди, – дейди Искандар Басидов Тўрақўрғон ИЭС бош директори.

Тадбир доирасида водий вилоятларини электр энергияси билан таъминлаш борасида сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар, ҳудудда юз бераётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар мавзусида “Уч авлод учрашуви” бўлиб ўтди.

Унда тўрақўрғонлик нуроний ва меҳнат фахрийлари билан бирга бутун республикамиздан форумга ташриф буюрган ёш энергетиклар, соҳа мутахассислари ҳамда меҳмонлар иштирок этишди.

Форумни байрамона руҳда ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган гала-концерт якунлаб берди.

Тадбирда 2021/2022 ўқув йилида олий таълим муассасасида таълим олиши учун ўқишга кирган энергетика тармоғи корхоналарининг 20 нафар ёш мутахассисига 5 йил давомида контракт тўловлари тўланиши бўйича сертификатлар топширилди.

Шунингдек, кун давомида бўлиб ўтган барча мусобақалар ва беллашувлар ғолиблари диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. 

Тантанали концерт дастурида юрт мадҳи, тинчлик ва осойишталик, бугунги нурафшон кунларга шукроналик кайфиятини ифода этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Байрам тадбирлари мушакбозлик билан ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ва
“Иссиқлик электр станциялари” АЖ ​матбуот хизматлари Ⓣ

Top