09:59 / 28.08.2021
10213
Тошкентда гиёҳвандлик воситаларини сотаётган интернет-дўконларни тарғиб қилувчи фуқаролар аниқланди

Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини сотиш билан шуғулланаётган интернет-дўконларни тарғиб қилувчи фуқаролар аниқланди. Бу ҳақда ИИВ Тезкор-қидирув департаменти хабар бермоқда.

Фото: ИИВ Тезкор-қидирув департаменти

Қайд этилишича, жорий йилнинг 24 август куни ИИВнинг гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш йўналишида ташкил этилган “@stopnarko_bot” Телеграм каналига аноним фойдаланувчидан икки нафар номаълум шахс Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситалари реклама кўринишидаги граффитиларни кўп қаватли уйларнинг деворларига ёзиш билан шуғулланаётгани тўғрисида фото ва видеотасвирлар келиб тушган.

Хабар юзасидан вазирлик жиноят қидирув хизмати ходимлари томонидан Тошкент шаҳрида олиб борилган тезкор тадбирлар давомида:

  • Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-4 мавзесидаги 6-, 7-, 8-, 9-, 10-кўп қаватли уйларнинг деворларида 25та;
  • Яшнобод тумани “Авиасозлар” (эски “Кадишева”) деҳқон бозорига кириш жойи ёнидаги кўп қаватли уйларнинг деворларида 15та;
  • Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасидаги “Қўйлиқ” қурилиш моллари бозори рўпарасидаги 9 қаватли уйларнинг деворларида 22та, жами 62та бир хил турдаги гиёҳвандлик моддаларини сотувчи интернет дўконларини тарғиб қилувчи граффитилар ёзиб кетилгани аниқланди.

Бу турдаги ҳуқуқбузарликни содир этаётган шахсларни аниқлаш ва ушлашга қаратилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, 26 август куни, ишсизлар, Яшнобод тумани Лисунова-1 мавзесида яшовчи, 2001 йилда туғилган А.М., Яккасарой тумани Бобур кўчасида яшовчи, 1996 йилда туғилган В.С. ҳамда уларнинг жиноий шериги, Яккасарой тумани Бобур кўчасида яшовчи, Чилонзор туманида жойлашган спиртли ичимликлар дўкони сотувчиси, 1993 йилда туғилган Д.С. қўлга олинган.

Билдирилишича, ҳозирда мазкур жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини ҳамда уларни молиялаштирган раҳнамоларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

“Шу ўринда фуқароларимиздан, агар сиз ёки яқинларингиз мазкур шахсларнинг ҳаракатларидан жабрланган ёки уларнинг жиноий фаолияти ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз дарҳол ички ишлар органларига хабар беришингизни ёки 102 рақамига қўнғироқ қилишингизни сўраймиз. Шахсингиз сир сақланиши кафолатланади”, дейилади хабарда.

Top