15:17 / 01.09.2021
4329
Охирги 50 йил ичида дунёда табиий офатлар сони беш бараварга кўпайди

1970 йилдан буён 11 мингдан ортиқ турли табиий офатлар қайд этилган бўлиб, улар оқибатида 2 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 3,64 трлн иқтисодий зарар етган. 

1970 йилдан 2019 йилгача дунёда табиий офатлар сони беш бараварга ошди. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилоти маълум қилди.

Қайд этилишича, 1970 йилдан буён 11 мингдан ортиқ табиий офатлар қайд этилган бўлиб, улар оқибатида 2 миллиондан ортиқ киши ҳалок бўлган ва 3,64 трлн иқтисодий зарар етган. 

Энг кўп – 650 минг киши қурғоқчилик оқибатида ҳалок бўлган, довуллар 577 мингдан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлган. Сув тошқинларидан 59 мингга яқин киши, жазирама иссиқ натижасида 56 минг киши ҳаётдан кўз юмган. 

Шу билан бирга, аввалдан огоҳлантириш тизими туфайли табиий офатлар натижасида қурбон бўлганлар сони уч бараварга камайган. 1970-йилларда йилига 50 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган бўлса, 2010-йилларга келиб йилига 20 мингдан камроқ инсон табиий офатлар қурбонига айланган. 

Бундан ташқари, табиий офатлар оқибатида етадиган иқтисодий зарар миқдори ўсган. 2010-2019 йилларда бундай зарар кунига 383 млн долларни ташкил этган. Бу 1970-йиллардагига нисбатан етти бараварга кўп (кунига 49 млн доллар).

Охирги 50 йил давомида иқтисодий жиҳатдан энг ҳалокатли 10та табиий офат 2015 йилдан кейин юз берган. Уларнинг учтаси 2017 йилда содир бўлган: "Ҳарви" довули (97 млрд доллар зарар), "Мария" довули (70 млрд доллар) ва "Ирма" довули (60 млрд доллар).

 

Top