07:59 / 01.09.2021
7992
Тошкент метроси учун олиб келинган янги поездларнинг тақдимоти бўлиб ўтди

Жорий йилнинг 31 август куни Тошкент метрополитени учун келтирилган янги поездларининг тақдимоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар қилди.

Қайд этилишича, Россиянинг «Метровагонмаш» АЖ томонидан 20та янги метровагон ишлаб чиқарилган бўлиб, улардан 5та метропоезд шакллантирилди. Жорий йил охирига қадар, шартномага кўра, ушбу модификациядаги яна 20та метровагонни Тошкентга етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Пойтахт метрополитени учун янги ишлаб чиқарилган вагонлар заводнинг ўзидан ўзгача усулда бўялган кўринишда чиқмоқда. Вагонларнинг ён тарафи ва эшиклари оқ рангга бўялган. Бутун ҳаракат таркиби бўйлаб горизонтал равишда Ўзбекистон миллий байроғи ранглари мужассам этган чизиқ тортилган. Поезд том қисми ҳаворанг тусда, олд қисми эса қора рангда бўялган. Шунингдек олд қисмида йўналишни кўрсатувчи электрон сатр жойлашган бўлиб, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ рамзи акс этган.

81-765/766/767 церийадаги метро вагонлари янги техник ечимларга эга бўлиб, электр энергиясини 35 фоизгача тежайди, учинчи авлоддаги асинхрон тортувчи двигателининг қўлланилиши эксплуатацион харажатларни 40 фоизгача қисқартиради. Янги вагонларнинг яна бир қатор техник имкониятлари ва афзалликларига қуйидагилар киради:

  • вагонлар орасидаги герметик «гармошка» кўринишидаги ўтиш жойлари йўловчилар учун поезднинг бошдан охиригача ўтиш имконини беради ва бу билан ҳаракат таркибининг сиғимини оширади;
  • йўловчилар салони ҳар бир томонда тўрттадан бўлган автоматик ва икки қаватли эшиклар ўрнатилган. Эшиклар 12 фоизга кенгайтирилгани йўловчиларни тасодифан қисилиб қолиши олди олинган;
  • салондаги ҳароратни ўрнатилган кондиционер, иситиш ва шамоллатиш тизими таъминлаб туради. Шунингдек, шифтда махсус ҳимоя қутилари ичида жойлашган ва ҳавони ультрабинафша лампалар ёрдамида зарарсизлантириш тизими қўлланилган;
  • ҳар бир вагон телеканаллар трансляцияси имкони билан бирга йўловчиларга замонавий маълумот узатиш тизими билан таъминланган;
  • ҳар бир вагон видеокузатув тизими билан жиҳозланган, ҳар бир вагонда шифт камералари, шунингдек, шошилинч алоқа блоклари устида ҳам камералар мавжуд, ёнғинни автоматик пайқаш ва ўчириш тизими ҳам мавжуд;
  • машинист кабинасида йўллар ҳамда ҳаракатланувчи состав вагонлари эшикларини видеокузатув тизими монитори жойлашган.

Янги келтирилган 20та метро вагон (5та ҳаракат таркиб)ларда созлаш ишлари якунлангач, Тошкент метрополитенининг энг гавжум ҳисобланган Чилонзор йўналишига қўйилади.

Top