22:45 / 02.09.2021
11939
Чет эл фуқароларининг Ўзбекистонда бўлиш муддатига доир вақтинчалик тартиб бекор қилинди

Ўзбекистонда бўлиш муддати тугаган чет эл фуқаролари 10 сентябргача муддатни узайтиришга улгуриши ёки мамлакатни тарк этиши лозим. Пандемия сабабли жорий этилган вақтинчалик енгил тартиб бекор қилинди.

Пандемия муносабати билан Ўзбекистонда вақтинча бўлиш муддати тугаган хориж фуқаролари, уларни қабул қилган уй-жой эгалари ва мансабдор шахсларга нисбатан вақтинча маъмурий чора кўрмаслик тартиби ўрнатилган эди.

Мазкур тартиб 2021 йил 30 августдаги ҳукумат қарорига асосан бекор қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маълум қилди.

“Шу сабабли, 2021 йил 10 сентябрь кунига қадар республикамизда бўлиб турган чет эл фуқаролари, уларни таклиф қилган жисмоний ва юридик шахслардан Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларига амал қилишларини, вақтинча рўйхат муддатларини узайтиришларини, бўлиш муддати тугаган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан ўз вақтида республика ҳудудидан чиқиб кетишларини сўраймиз.

Юртимизда бўлиб турган ҳурматли чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан мамлакатимиз қонунчилигига амал қилишларини, аҳолимиздан эса, чет эл фуқаролари томонидан бўлиш қоидаларига амал қилинишида ички ишлар органларига кўмакдош бўлишларини илтимос қиламиз.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини ва қабул қилиш тартибларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида жавобгарлик белгиланган”, – дейилади МФРБ мурожаатида.

Top