13:03 / 02.09.2021
11431
Фуқаролардан яшил майдонлар бўйича таклиф бериш сўралмоқда

Экология қўмитаси фуқаролардан қайси ҳудуд ва маҳаллаларга дарахт экиш ва яшил майдонлар яратиш бўйича таклиф юборишни сўрамоқда.

Президентнинг 24 август куни экология мавзусига бағишлаб ўтказилган селекторида берилган топшириққа асосан, ҳудудларда аттракционлардан холи, одамлар тоза ҳавода ҳордиқ чиқарадиган яшил ҳудудлар яратилади ва ҳар бир уй олдига дарахтлар экилади.

Бу вазифа ижросида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси асосий ижрочи ва назорат қилувчи бўлади.

Шу кунларда қўмита фуқаролардан ҳар бир ҳудудда яшил майдонлар ва жамоат паркларини ташкил этиш, иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда кўчатлар экиш бўйича таклифларини юборишларини сўрамоқда.

“Сиз ўз ҳудудингиз – маҳаллангиз, уйингизга яқин бўлган бирор жойда бўш, эгасиз ёки ташландиқ майдонни биласизми? Балки туманингизда кўп қаватли уйлар ва/ёки саноат корхоналари зич жойлашган ва дарахтлар кам деб ҳисобларсиз? Эҳтимол сизда қўмита ишини такомиллаштириш юзасидан бошқа таклиф ва танқидлар бордир?

Таклифларни 6 сентябрга қадар (ўша куни ҳам) Давлат экология қўмитасининг TELEGRAM-бот каналига юборишингиз – @eco_2021_bot ёки 71 207 07 70 (ички 1001#, 5555#) телефон рақамлари орқали қолдиришингиз мумкин”, – дейилади Экоқўм матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, қўмита ҳузурида яшил майдонлар ва жамоат паркларини ташкил этиш борасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳи ташкил этилган.

Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида жамғарма маблағлари ҳисобидан камида 5 млн туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилган.

Top