10:22 / 03.09.2021
1756
Навоийда фирибгарлик қилган шифокор қўлга олинди

Навоийда фуқарони туғуруқхонага ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, ундан 7 млн сўм талаб қилган шифокор ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, шифокор, 1970 йилда туғилган С.Ф. бир йил олдин мансабини суиистеъмол қилгани сабабли ҳайфсан интизомий жазосини олган ҳамда шартли равишда Кармана тумани шошилинч тез тиббий ёрдам кўрсатиш бўлимида навбатчи шифокор лавозимига туширилган.

Аммо бундан тегишли хулоса чиқармаган шифокор аввал ўзи билан бирга ишлаган ҳамшира М.Т.ни кўриб қолиб, унга танишлари орқали янгидан ишга тушган туғуруқхонага ишга киритиб қўйишини, “хизмат ҳақи” 7 млн сўм бўлишини айтган. Ҳозирги пайтда ишсиз бўлган ҳамшира мазкур пулни беришга рози бўлган.

Навоий вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда С.Ф. 7 млн сўм пул ва М.Т.нинг шахсий ҳужжатларини олаётган пайтда ушланган. Aйни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Олдинроқ Навоийда кредит маблағини талон-торож қилган шахсларга жиноят иши қўзғатилганди.  

Top