20:13 / 04.09.2021
5600
Британиялик ҳарбийлар Кобулга етиб олиш учун паранжи остига яширинишди - ОАВ
Фото: Getty Images

Британиянинг SAS (Special Air Service, Махсус авиадесант хизмати) махсус бўлими жангчилари ҳийла ишлатиб, Кобулга етиб олиш учун паранжи кийиб олишди. Бу ҳақда The Sunday Express нашри маълум қилди.

Махсус бўлинманинг 20га яқин жангчиси Афғонистондан эвакуация қилиш учун вертолётлар йўқлигидан огоҳлантирилган. Шундан кейин улар ҳийла ишлатиб, Кобулгача аёллар кўринишида бир неча юз километрлик йўл босиб ўтишган.

“Ҳарбийлар қурол ва ўқ-доридан ташқари, ўз қурилмаларининг катта қисмини ташлаб кетишди ва Кобулга етиб олиш учун паранжи остига яширинишди”, деб маълум қилган Британия мудофаа вазирлигидаги манба.

Унинг таъкидлашича, SAS жамоаси Афғонистонда бир неча ой хизмат олиб борган ва толиблар ҳокимиятни эгаллаганда махфий разведка миссиясини бажараётган бўлган.

Улар амалиётни тўхтатиш ва дарҳол Кобулга қайтиш ҳақида буйруқ олишган. Махсус жангчилар бу мақсадда 5та такси сотиб олишган ва паранжи остида Кобул томон йўл олишган. Улар блокпостларда мамлакатга қайтган толибларни қутлаш учун Кобулга кетишаётганини айтишган.

“Бу ўз самарасини берди. Албатта, ўзига яраша хавф-хатар бўлган, бироқ толиблар паранжини ечишни талаб қилишмаган”, деб маълум қилган манба ва жангчилар Кобул аэропортига эсон-омон етиб олишганини қўшимча қилган.

Top