08:36 / 09.09.2021
5389
Хитой биринчи ярим йилликда Ўзбекистон учун энг йирик экспорт бозорига айланди

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт бозоридир. Бу ҳақда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида видеоконференция шаклида бўлиб ўтган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой кичик қўмитасининг 7-йиғилишида маълум қилинди.

Тадбирда икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жорий ҳолати, ўзаро савдони ривожлантиришнинг долзарб масалалари, хусусан, Ўзбекистон делегациясининг “China International Import Expo” кўргазмасида иштирок этиши, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилишига кўмаклашиш, транспорт орқали етказиб бериш ва логистикани ривожлантириш истиқболлари, жумладан, Хитойга блок-етказиб бериш шаклида ўзбек маҳсулотларини экспорт қилиш амалиётини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, иштирокчилар Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик Қўмитаси йиғилишида имзолаш учун тақдим этилган ҳужжатларни, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси Ҳукуматлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни 5 йиллик ривожланиш дастурини ўрганиб чиқдилар.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон-Хитой Ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг бўлажак йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликнинг долзарб масалалари устида иш олиб боришни давом эттиришга келишиб олдилар.

Маълумот учун, жорий йилнинг биринчи ярмида Давлат ва ҳудудий инвестиция дастурлари доирасида ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 25 фоиз ўсиб, 1 миллиард доллардан ошди.

2021 йилнинг январь–июль ойлари якунларига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 21,6 млрд долларни ташкил этди, унда Хитой 4 млрд долларлик улуши билан (умумий ҳажмнинг 18,7 фоиз) биринчи ўринни эгаллайди. 2020 йилнинг тегишли даврига нисбатан, Хитой билан савдо айланмаси 16,9 фоиз ёки 581,2 миллион долларга ошди.

Шу билан бирга, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик экспорт бозоридир. Жорий йилнинг январь–июль ойларида Хитойга товар ва хизматлар экспорти 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 287,6 млн долларга (+28,6 фоиз) ўсди ва Ўзбекистон умумий экспорт ҳажмининг 1,3 млрд ёки 15,9 фоизни ташкил этди.

Top