20:06 / 10.09.2021
4247
Ливанда 13 ойда ҳукуматни шакллантиришга муваффақ бўлинди

Ливан президенти Мишель Аун мамлакатда ҳукумат шакллантирилганини эълон қилди. Янги ҳукуматни 2020 йил августда юз берган Байрутдаги портлашдан кейин 13 ой ўтиб шакллантиришга муваффақ бўлинди.  

Фото: Reuters

The Daily Star нашрининг хабар беришича, ҳукуматнинг биринчи йиғилиши 13 сентябрда бўлиб ўтади. Унинг таркибига 24 вазир: 12 нафар мусулмон ва 12 насроний вакил кирган.

Президент ҳукумат шакллантирилганини бош вазир Нажиб Микати билан учрашувдан кейин маълум қилган. Ҳукуматни ташкил этиш ҳақидаги фармон парламент спикери Набиҳ Баррий иштирокида имзоланган.

Ливандаги сиёсий инқироз Байрут портидаги вайронкор портлашдан кейин бошланганди. 200 дан кўпроқ кишининг ҳаётини олиб кетган фожиадан кейин Ливанда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланганди ва улар натижасида Ҳасан Диаб бошчилигидаги ҳукумат истеъфога чиқишга мажбур бўлган. Шундан кейин бош вазир этиб тайинланган Саъд Ҳаририй 10 ой давомида Ливан президенти билан мусулмонлар ва насронийлар ўртасида вазирлар лавозимларини тақсимлаш бўйича бир тўхтамга кела олмаган ва 15 июлда истеъфога чиқишга қарор қилган. 

Ливан президенти 2021 йил 26 июлда парламент билан маслаҳатлашувлардан кейин аввал 2 марта бош вазир лавозимини эгаллаган 65 ёшли Нажиб Микатига ҳукуматни шакллантириш вазифасини топширган.  

Микати Байрутдаги портлашдан кейин мамлакатни таназзулдан қутқариш учун барча сиёсий кучлар ва хорижий давлатлар билан ҳамкорлик қилишини айтган. У, шунингдек, бир қатор мухолиф партиялар талаб қилаётгандек муддатдан олдин парламент сайловлари ўтказилмаслигини ва сайловлар ўз муддатида, яъни 2022 йил май ойида ўтказилишини айтган. 

Top