18:03 / 10.09.2021
5204
«Сиёсий жараёнларнинг сукунатидан қутулдик» - Комил Алламжонов сўз эркинлиги ва ахборот урушлари ҳақида гапирди

Ўзбекистонда сўз эркинлиги эълон қилиниши яхши тушунган ҳолда қабул қилинган сиёсий қарор эди. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича ташкил этилган Марказий Осиё медиа конференциясида маълум қилди.

Фото: Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди

“Сўз эркинлиги - биз эъзозлайдиган сўзсиз қадрият. Ўзбекистонда сўз эркинлиги эълон қилиниши яхши тушунган ҳолда қабул қилинган сиёсий қарор эди. Бу мамлакатни бутунлай ўзгартириб юборган қарор бўлди. Биз нафақат дунёга очилдик ва глобал кун тартибида қатнаша бошладик. Биз мамлакат ичида одамлар ва ҳокимият ўртасидаги тўсиқларни олиб ташладик. Сиёсий жараёнларнинг сукунатидан қутулдик”, деди Комил Алламжонов.

Унинг таъкидлашича, мамлакатда цензура тақиқланган, шунингдек, журналистларнинг ишига аралашиш ва уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ман этилган.

“Ва бу энди шунчаки баландпарвоз сўзлар эмас. Ўзбекистон журналистлар ҳамжамияти бу қонунларнинг бажарилишини жуда қаттиқ назорат қилади. Таҳририятга қилинган ҳар қандай босим ҳолати дарҳол жамоатчиликка маълум бўлади ва камдан кам шахс материални олиб ташлаш талаби билан таҳририятга қўнғироқ қилмоқда.
 
ОАВ юқоридан бўладиган қўнғироқлардан мустақил бўлди. Уларнинг аксарияти нодавлат бўлиб, ахборот сиёсати қандай бўлишини ўзи ҳал қилади. Албатта, бундай қисқа вақт ичида бизни Ғарб услубидаги оммавий ахборот воситалари билан солиштириш қийин, лекин бу жараён тўхтовсиз давом этмоқда”, дейди Миллий масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси. 

Маълум қилинишича, 2016 йилги журналистика ва 2021 йилги журналистика ер билан осмончалик фарқ қилади. 

“Ҳа, бизда муаммолар бор ва улар кўп. “Оғиз ёпилганида” бирининг ўрнига бошқа муаммолар пайдо бўлди, журналистларнинг оёғидан чалиш, уларга босим ўтказиш, судлар билан таҳдид қилиш, даъво аризаси киритиш, заиф томонни топишга уриниш. Аммо ҳар бир бундай ҳолат - кучлироқ бўлиш учун сабабдир.

Албатта, сўз эркинлиги билан бир қаторда, мамлакатга турли ахборот оқими кириб келди ва биз барча демократик давлатлар бошидан кечираётган муаммоларга дуч келдик - дезинформация, фейк, анонимлар, ёлғон ва манипуляция. 

Биз бутун дунё билан биргаликда ахборот урушлари даврига кирдик ва манипуляция қурбони бўлмаслик учун ҳақиқатни ёлғондан ажратишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада ҳали тажрибамиз кам. Аммо шунга қарамай, бу йўналишдаги ишлар давом этмоқда”, деди Комил Алламжонов. 

Қайд этилишича, ҳозирги кунда мактабларда медиасаводхонликни жорий этиш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Бу дарс узоқ вақтдан буён қўшнилар: Қозоғистон, Қирғизистондаги ўрта синфларда бор ва энди у Тожикистонда жорий этилади. Болалар мактабданоқ интернетдан қандай фойдаланишни билиб боради.

“Кўпчилик катталарда бундай имконият йўқ, лекин медиасаводхонлик ҳаммага керак. Тадқиқот ўтказиш керак «Одамлар кимга ишонади? Нимани тинглашни хоҳлайди? Уларга қандай янгиликлар керак? Улар қандай олинади?».

Сўз - бу қурол, ҳозирги вақтда у бир зумда тарқалади. Ҳар 60 сонияда YouTube’га 500 соатдан ортиқ контент юкланади, Instagram’да эса деярли 700 000 «ҳикоя» эълон қилинади. Йилига тезкор мессенжерлар орқали юз миллионлаб хабарлар юборилади.

Бу жуда катта миқдордаги маълумот. Ундан фойдаланишни билиш керак, оммавий ахборот воситалари эса - оқимларни бошқариши лозим.

Бизнинг фонд ҳар доим бу соҳадаги барча янгилик ва ғояларни қўллаб-қувватлайди. Сўз эркинлигидан ҳафсаласи пир бўлмаслик, уни барча муаммоларда айбламаслик ва яна ёпилиб кетмаслик жуда муҳим. Агар олдинга қараб кетишни хоҳласак, буни ўзимизга эп кўрмаслигимиз керак.
 
Албатта, мамлакат демократик йўлдан ҳаракатланишни давом эттиради. Президент Шавкат Мирзиёев бу борада ўз позициясини ҳар доим аниқ ифодалайди: сўз эркинлиги - мамлакатдаги ислоҳотларни илгари суришда асосий ёрдамчи.

Кеча ЎзЛиДеп партияси қурултойида президент: «Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистларнинг эркин ишлашига зарур шарт-шароитларни яратиш учун барча саъй-ҳаракатлар амалга оширилади. Буни мен биринчи марта айтаётганим йўқ: ўз эътиқоди билан ҳақиқатга ва адолатга ишонадиган барча журналистларни энг яқин дўстларим деб ҳисоблайман ва улар ҳамиша президент ҳимоясида бўлади», деди. 

Бизнинг сўз эркинлигимизга ҳали кўп бўлмади, одамлар ҳамма нарсани гумон остига олишга одатланган ривожланган давлатлардагидек, ахборот ҳужумларига қарши иммунитетга эга эмас.

Аммо тенденция қуйидагича: ишончга сазовор юлдузлар, шахслар, одамлар пайдо бўлади. Ҳозир барча контент истеъмолчилари кимнингдир фолловерлари. Булар ҳам журналистлар, ҳам муҳаррирлар, ҳам жамоат арбоблари. Уларнинг сўзи ҳар бир кишининг фикрини шакллантиришда ҳал қилувчи бўлади. Уларнинг сафи кўпайсин - бу турли нуқтайи назарларни танлаш имконияти. Лекин уларни фақат қонун чеклаши керак. 

Ахборот қонунчилиги тўлиқ ишлаб кетиши учун биз ҳали кўп иш қилишимиз керак. Уни кимга қўллаш керак ва кимга қўллаш керак эмаслиги бўйича танлов юзага келмаслиги лозим. Ҳар қандай маълумотни тарқатаётган киши сўз эркинлигини чегара билан аралаштириб юбормаслиги муҳим. 

Ўзбекистон медиаҳамжамиятини ташкил этувчи журналистлар ва блоггерлар сифатли журналистика - ҳар доим фактлар ва мулоҳазалардаги мантиқийликдан иборат экани ҳақидаги фикрга қўшилади. Ҳис-туйғулар ва баҳолашга ўрин йўқ. Ўқувчиларга трафик учун ёлғон гапириш - бу ёмон нарса. 

Бизнинг Миллий масс-медиа фонди илғор ғояларни таклиф қилса, барча ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Биз очиқмиз ва қўшма лойиҳалар учун барча ресурслар бор”, дея маълум қилди Комил Алламжонов. 

Top