23:04 / 11.09.2021
18935
Болаларда ўқув йили бошидаги чарчоқ ва дангасалик: ота-оналар учун тавсиялар

Янги ўқув йилининг илк ҳафтаси якунига етди. Ўқув йили бошида кўпчилик болаларда дарсдан кейин толиқиш, чарчоқ аломатлари, дарс қилишга хоҳиш йўқлиги кузатилади. Бу айниқса, 1-синфга чиққан ёки қуйи синфларда ўқийдиган мактаб ўқувчиларида кўп учрайди.

Фото: Getty Images

Бундай вазиятда ота-оналар уларга қандай қилиб ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида маслаҳатлар билан бўлишамиз.

Айтиш мумкинки, боладаги бу ҳолат ўткинчи ва буни енгиб ўтишда ота-онанинг ёрдами керак. Маълумки, ёзги таътил вақти узоқ давом этади ва бола руҳан ҳамда жисмонан бунга мослашиб қолади. Таътил тугаб, одатдаги тартибга қайтиш учун эса болага маълум вақт керак бўлади. Лекин шу вақт ичида чарчоқ оқибатида унда кузатиладиган дангасалик ҳолатига кўз юмиб бўлмайди. Чунки бола таълим муҳитига кириша олмаслиги уни кейинги билимларни яхши тушунмаслигига ва ўзлаштирмаслигига олиб келади.

Мутахассисларнинг айтишича, бу чарчоқ ҳолати сурункали давом этаверса, болада бош айланиши, кўриш қобилияти пасайиши, юракнинг тез уриши каби таъсирлар кузатилади.

Боланинг чарчашига яна бир сабаб – мактаб сумкасининг оғирлиги. Одатда кичик синфда ўқийдиган болалар ортиқча буюмларини ҳам сумкаларида олиб юришга одатланишади. Маълум бўлишича, 6-8 ёшдаги ўқувчилар сумкаси оғирлиги 2 кг.гача, 9-13 ёшдаги ўқувчилар 3 кг.гача, 14 ёшда 5 кг.гача, 15–16 ёшда 6 кг.гача бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Шунинг учун ота-оналар болага қулай муҳит ва имкон яратиши, мунтазам равишда фарзандларининг мактаб сумкасини назорат қилиши керак.

Бундан ташқари, боланинг овқат рациони шу пайтда энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Тошкент тиббиёт академияси “Болалар, ўсмирлар ва овқатланиш гигиенаси “ кафедраси профессори Гули Шайхова бу ҳақда шундай дейди:

— Узоқ таътилдан кейин боладаги мослашув даврида унинг овқатланиш рационига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш керак. Мактаб ёшидаги болаларнинг рационал овқатланиши – улар ҳар томонлама ривожланишининг етакчи шартларидан биридир. Бу ёшдаги болаларда тезкор ўсиш, мушак ва суяклар катталашиши, моддалар алмашинуви кучайиши кузатилади, эндокрин, юрак-қон томир, бош мия ишлари фаоллашади. Бу мураккаб жараёнларни таъминлаш учун мактаб ёшидаги бола таркиби етарли даражада оқсил, углевод, минерал моддалар ва витаминларга бой тўлақонли биологик маҳсулотлар қабул қилиши керак.

Айниқса, ўсиб келаётган организмга оқсилнинг рационга етарли даражада кўшилиши жуда муҳим. Унинг умумий ҳажмини 50–60 фоиз юклама ва ҳаёт шароитларига мос равишда ҳайвон оқсили ташкил қилиши лозим. Оқсил етишмовчилигида болаларда бош мия фаолияти бузилиши кузатилади. Улар тез чарчайди, иш қобилияти, дарсларни ўзлаштириши пасаяди. Шунинг учун мактаб ёшидаги болалар овқатланишида асосий масаллиқлар оқсилга бой маҳсулотлар бўлиши керак. Уларга тухум, гўшт, балиқ, ёнғоқлар ва гречка киради.

Кундалик мактаб таомномасида сут, сутли маҳсулотлар (творог, йогурт), тухум, гўштли, балиқли маҳсулотлар бўлиши зарур. Сутли маҳсулотлар минерал моддалар, витаминлар ва оқсилнинг асосий манбаидир. Бундан ташқари улар овқат ҳазм бўлишига ижобий таъсир кўрсатади.

Шунингдек, рационда албатта қуруқ мевалар бўлиши шарт. Кундалик таом истеъмол қилганда жайдари нондан фойдаланган маъқул. Чунки унда оқ нонга қараганда темир моддаси 30 фоизга, калий икки, магний уч карра кўп.

Сабзавотлар микроэлемент ва витаминлар манбаи ҳисобланади, шунинг учун бола овқат рационининг 50 фоизи янги сабзавот ва мевалардан иборат бўлиши зарур.

Алоҳида эътиборни тўлақонли нонуштага қаратиш лозим. Эрталаб бола организми одатда кўп энергия сарфлайди, шунинг учун нонушта етарли даражада овқат моддалари ва қувватга эга бўлиши керак. Нонушта бир кунлик энергия қийматининг 25 фоизини ташкил этиши ва албатта иссиқ овқат, творогли, тухумли, гўштли, дуккакли таомлар бўлиши лозим.

***

Болаларда чарчоқ оқибатида улар тоқатсиз, эътиборсиз, дарс вақтида гаплашадиган, яъни интизомсиз бўлиб қолишади. Яқин орада бирор касалликни бошдан кечирган айрим болалар эса бўшанг, ҳорғин, кучсиз бўлиб, яхши фикрлай олмайди. Психолог Розалия Габдулҳакова бу борада тегишли тавсияларни бериб ўтди.

— Ёзги таътилдан кейинги чарчоқ ҳолатининг энг асосий сабаби – кун тартибининг ўзгаришидир. Таътил давомида эркин режимда ухлаб ўрганган бола эрта туришга кўникиши қийин бўлади. Бунинг олдини олиш учун таътилнинг сўнгги кунларида ота-она болани эртароқ ухлаши ва эртароқ уйғонишга ўргатиб боришни бошлаши лозим. Таътилдан кейинги илк ўқув палласида бола кўпроқ дам олиши керак. Бироз ўтиб у вазиятга мослашиб кетади.

Болада дарс қилишга хоҳиш йўқолишига ота-она ва ўқитувчи томонидан унга нисбатан тазйиқ ўтказилиши, шунга мажбурлаш, қўрқитиш сабаб бўлади. Натижада болада бу жараён жуда қийин деган фикр келади ва доим шундан ўзини тортишга уринади. Бола учун дарс тайёрлаш табиий жараёнга айланиши учун унга эркинлик бериш керак.

Таътилдан кейин болада паст баҳолар кузатилганда уни жазолаш танбеҳ бериш ота-оналарнинг энг катта хатоларидан бири. Аксинча, унга бу одатий ва ўткинчи эканини, у бундай баҳо лойиқ эмаслигини ва албатта яхши натижаларга эриша олиши ҳақида айтиш керак. Боланинг уй вазифаларини ота-она ўзи қилиб бериши ёки ака-опаларига бажартириши ҳам нотўғри.

Нима қилиш керак?

Бола дарс қилиши учун кун тартибига риоя қилиш. Яъни у ҳар куни куннинг маълум пайтида дарс қилиши керак. Бу тартибни белгилашда боланинг ўзи билан келишган ҳолда тузиш керак. Дарс қилиш вақтини ўзи белгилаган болада уни бажариш масъулияти ҳам оз бўлса-да ошади. У буни мажбурият эмас, ўз танлови деб ҳис қилади.

Бола янги ўқув йилини бошлаганда унинг уйда мустақил дарс қилишига, уй вазифаларини ўзи бажаришига рағбат уйғотишнинг яна бир йўли – унинг камчиликларини эмас, кичкина бўлса-да муваффақиятини топиб мақташдир. Масалан, берилган 10 та мисолдан биттасини тўғри бажарган бўлса, айнан шу ота-она эътиборига олиниши керак. Шунда бола ўз қилган ишидан роҳат олишни бошлайди ва бу ўқув йили давомида боланинг яхши натижаларга эришиши учун иштиёқ уйғотади.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Top