10:24 / 12.09.2021
43635
ФҚБ 11 сентябрдаги терактлар ҳақидаги махфий ҳужжатни эълон қилди 

АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси президент Жо Байден фармони билан ошкор қилинган 2001 йил 11 сентябрдаги терактларга алоқадор ҳужжатни эълон қилди. Ҳужжатда терактларда самолётларни олиб қочган икки саудияликка кўмак кўрсатилгани ҳақидаги маълумотлар бор.

Фото: Reuters

“Ушбу ҳужжат 11 сентябрдаги терактларга алоқадор баъзи ҳужжатларни ошкор қилиш ҳақидаги 2021 йил 3 сентябрда имзоланган президент фармони доирасида эълон қилинмоқда”, деб айтилган хабарда.

Ҳужжат 16 саҳифадан иборат бўлиб, Саудия Арабистонининг Лос-Анжелесдаги консулхонасида ишлаган ва террорчиларнинг АҚШга келишларида кўмак кўрсатган шахс 2015 йилда сўроқ қилинган вақтда берган кўрсатмаларга асосланган. Кейинроқ ушбу шахс АҚШ фуқаролигини олишга уринган ва унинг исми сир сақланиш мақсадида ҳужжатда келтирилмаган. 

ФҚБнинг таъкидлашича, ҳужжатда Саудия Арабистонининг 11 сентябрдаги терактларга алоқадорлигининг исботлари йўқ. 

АҚШ президенти Жо Байден сентябрда имзолаган фармонга кўра, 2001 йилдаги терактларга тегишли ҳужжатлар 6 ой ичида эълон қилиниб борилади. Байден ушбу фармонни ўша терактлар жабрдийдалари яқинларининг норозиликлари ортида имзолаган. Уларнинг таъкидлашича, махфий ҳужжатларда Саудия Арабистонининг 11 сентябрдаги терактларга алоқадорлигини кўрсатувчи маълумотлар бор. 

Top