19:22 / 12.09.2021
6354
Париж мэри Франция президенти сайловларида иштирок этишга қарор қилди

Париж мэри Анн Идальго Франция президенти лавозими учун 2022 йилда ўтадиган сайловларда иштирок этмоқчилигини маълум қилди.

“Мен Франция Республикаси президенти лавозими учун номзодимни қўймоқчиман”, деб айтган Париж мэри.

62 ёшли Идальго Париж мэри лавозимини эгаллаган илк аёл киши ҳисобланади ва 2014 йилдан бери ушбу лавозимда фаолият юритади. У 2020 йил мартда The Guardian нашрига берган интервьюсида Париж мэри лавозимида орттирган тажрибасини “7-9 баллик кучли шамолда катамаранда сузиш каби” таърифлаган. Жумладан, Идальго Парижга шаҳар бир қатор терактлар, “сариқ нимчалар” акцияларини бошдан кечирганда, шаҳарнинг бош рамзларидан бири ҳисобланган Муқаддас она ибодатхонасида ёнғин юз берган вақтда раҳбарлик қилган.

Франция президенти сайловларини 2022 йил 10 апрелда ўтказиш режалаштирилган. Агар 2-босқич зарур бўлса, у 24 апрелда ўтказилади.

Сентябрь бошида Harris-Interactive компанияси амалдаги президент Эммануэль Макрон бўлғуси сайловларда “Миллий фронт” партияси етакчиси Марин Ле Пен устидан кичик устунлик билан ғалаба қозонишини кўрсатувчи сўровномани эълон қилди. Унга кўра, Макрон сайловларнинг 1-босқичида 26 фоиз, Марин Ле Пен эса 24 фоиз овоз йиғиши мумкин. Шунингдек, агар Макрон ва Ле Пен сайловларнинг 2-босқичига чиқса, амалдаги раҳбарга 55 фоиз, унинг рақибига эса 45 фоиз сайловчилар овоз беришга тайёр.

Top