10:14 / 22.09.2021
9654
Толиблар БМТ Бош ассамблеясида мурожаат қилиш имконияти берилишини сўрашди

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб олган “Толибон” ҳаракати БМТ Бош ассамблеясида дунё давлатларига мурожаат қилиш имконияти берилишини илтимос қилди.

Фото: Reuters

БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррикнинг таъкидлашича, Антониу Гутерриш толиблар вакили Амир Хон Муттақийдан БМТдаги олий даражадаги дебатларда қатнашиш имконияти берилиши сўралган мактуб олган. Унинг таъкидлашича, мактуб Бош ассамблея 76-сессия бошланишидан бир кун аввал, 20 сентябрда юборилган ва Муттақий унда Афғонистон ташқи ишлар вазири деб кўрсатилган.

Толиблар вакили мактубда Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани 15 августда “ҳокимиятдан ағдарилгани” ва дунё давлатлари бошқа уни президент деб тан олмасликларини айтган. Мактубда таъкидланишича, шу сабабли Афғонистоннинг аввалги ҳукумати томонидан БМТда доимий вакил этиб тайинланган Ғулом Исоқзой бошқа бу лавозимни эгалламайди ва толиблар унинг ўрнига Суҳайл Шахинни тайинлашган.

Мактубда Муттақий БМТ минбаридан туриб гапириш учун Нью-Йоркка шахсан бориши ёки видеомурожаат орқали юзланишига аниқлик киритилмаган.

Дюжаррикнинг айтишича, БМТ бош котиби ўз навбатида Ғулом Исоқзойдан 15 сентябрда бошқа бир мактуб олган ва унда Афғонистоннинг Бош ассамблея сессиясида иштирок этувчи делегацияси рўйхати келтирилган. Ушбу мактубда Исоқзой Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили деб кўрсатилган.

Таъкидланишича, ушбу икки мактуб Бош ассамблея 76-сессияси ваколатларини текшириш қўмитаси аъзоларига жўнатилган. Бироқ ҳозирча ваколатларни текшириш бўйича бирорта йиғилишни ўтказиш режалаштирилмаган. Қўмита 9 аъзодан иборат бўлиб, жорий сессияда унинг таркибига АҚШ, Россия, Хитой, Багама, Бутан, Чили, Намибия, Сьерра-Леоне ва Швеция кирган. Таъкидланишича, толиблар Афғонистонда 1996 йилдан 2001 йилгача ҳокимиятни эгаллаганда, Афғонистоннинг БМТдаги доимий вакили ўз ваколатларини сақлаб қолган, чунки толибларнинг уни четлатиш ҳақидаги аризаси рад этилган. 

AFP ахборот агентлигининг хабар беришича, қўмита бу масалада қарор қабул қилишдан тийилиб, уни Бош ассамблеяда овозга қўйиши мумкин.

Жорий ҳафтада Бош ассамблеяда давлатлар раҳбарлари чиқиш қилмоқда. Улардан баъзилари бевосита БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳидан нутқ сўзлашмоқда, баъзилари БМТга ўз видеомурожаатларини йўллашмоқда.

Top