12:40 / 27.09.2021
4079
Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятидаги энг долзарб масалаларни маълум қилди

Наманган вилоятидаги энг долзарб масала – 127 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 42 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашувда маълум қилди.

“Наманган вилоятидаги энг долзарб масала – 127 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 42 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. 27 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас.

Яшаш ва бизнес учун қулай инфратузилмани яратиш керак. Масалан, Мингбулоқ, Косонсой, Тўрақўрғон, Поп ва Чустда ичимлик суви таъминоти даражаси жуда паст, 27  та маҳалла эса марказлашган ичимлик суви билан умуман таъминламаган. 

Вилоятда уй-жойга эҳтиёж катта. Биргина Наманган шаҳрида келгуси беш йилда аҳоли 1 миллион нафарга етиши ҳисобига қўшимча 52 мингта уй-жойга эҳтиёж мавжуд.

Қишлоқ ва сув хўжалигида Косонсой, Поп, Чуст, Янгиқўрғонда сувсизлик сабабли 19 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерлари ишлатилмаяпти.

Соғлиқни сақлаш ва таълим тизимларида ҳам ҳали ечимини кутаётган кўплаб масалалар мавжуд. Вилоятда 709 минг нафар ёки 25 фоиз аҳолининг сурункали касаллиги бор. Наманган, Учқўрғон, Янгиқўрғон, Уйчи туманларида – юрак қон-томир, Чортоқ, Уйчи, Поп, Учқўрғон туманларида – қандли диабет, Косонсой, Норин, Уйчи, Чустда – нафас йўллари касалликлари кўп учрамоқда.

Наманган шаҳри (47 фоиз), Чортоқ (53 фоиз) ва Косонсойда (54 фоиз) мактабгача таълим қамрови жуда паст (вилоятда 68 фоиз). Айниқса, 58 та маҳаллада боғча умуман йўқ. Вилоятдаги 37 та мактаб қувватига нисбатан 2 баробар кўп юклама билан ишламоқда”, деди амалдаги президент.

Top