23:47 / 28.09.2021
9036
Озарбойжон президенти Қорабоғдаги арманларга мухторият берилмаслигини айтди 

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Тоғли Қорабоғда яшовчи арманларга мухторият берилиши мумкинлигини истисно этди. Унинг айтишича, ушбу масала Бокунинг кун тартибига кирмайди.  

“Биз ўз вақтида Озарбойжонда яшовчи арманларга ўзини бошқаришнинг муайян даражасини беришга тайёр бўлганмиз. Бироқ арманлар буни ҳамиша рад этишган. Улар ҳар доим: “Йўқ, фақат мустақиллик”, дейишарди. Ҳозир ихтилоф якунлангандан кейин мухторият ҳақида гапиришмоқда. Бироқ бу бизнинг кун тартибимизга кирмайди. Бугунги кунда россиялик тинчликпарвар кучлар жавобгарлиги ҳудудида яшовчи арманлар мамлакатимизда яшовчи бошқа миллий гуруҳлар каби Озарбойжон фуқаролари ҳисобланади”, деб айтган Алиев France 24 телеканалига берган интервьюсида. 

Озарбойжон президентининг таъкидлашича, бу масала эндиликда муҳокама учун мавзу ҳисобланмайди. Унинг айтишича, Тоғли Қорабоғ ихтилофи ҳал қилинмагани ҳақидаги ҳар қандай баёнот “номақбул ва хавфли” ҳисобланади. “Ихтилоф ҳал бўлмаганини айтаётганлар унда у қандай ҳал қилиниши кераклигини кўрсатсинлар. Улар “Тоғли Қорабоғ” деганда нимани назарда тутишади? Қандай доирада, қандай ҳудудда, қандай шаклда? Бу саволларга жавоб берилишига ишора ҳам йўқ. Шу сабабли ихтилоф ҳал бўлмаган дейиш хавфли ва самарасиз. Бу уни ҳал қилиш учун бошқа душманона кўринишдаги ҳаракатлар зарурлигини англатади”, деб таъкидлаб ўтган Алиев.

Боку ва Ереван 1988 йил февралдан бери Тоғли Қорабоғнинг мансублиги борасида баҳслашиб келади. Ўшанда Тоғли Қорабоғ Озарбойжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилган. 1992–1994 йиллардаги қуролли ихтилоф вақтида Боку Қорабоғ ва унга ёндош туманлар устидан назоратни йўқотган.

2020 йил 27 сентябрда Тоғли Қорабоғ атрофидаги вазият яна кескинлашиб, ҳудудда Арманистон ва Озарбойжон қуролли кучлари ўртасида жанговар тўқнашувлар бошланган. 9 ноябрда Россия, Озарбойжон ва Арманистон раҳбарлари томонидан Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш бўйича уч томонлама баёнот имзоланган. Унга кўра, Озарбойжон ва Арманистон қуролли кучлари эгаллаган позицияларида қолган, бир қатор ҳудудлар Бокуга ўтган, икки томон туташув чизиғида ва Арманистонни Тоғли Қорабоғ билан боғловчи Лочин йўлагида россиялик тинчликпарвар кучлар жойлаштирилган.

Top