12:01 / 28.09.2021
4799
Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятидаги муаммоларни маълум қилди

Фарғона аҳолиси азалдан меҳнатсевар ва тадбиркор, уларга фақат шарт-шароит яратиб бериш, бунинг учун ҳар бир маҳаллани зарур инфратузилма билан таъминлаш лозим. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Бу борада ҳал қилишимиз зарур бўлган қатор масалалар мавжуд. Бугунги кунда, Фарғонадаги энг долзарб масала – аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш ҳисобланади. 

Вилоят аҳолиси сони ва унинг ўсиш суръати бўйича мамлакатимизда энг юқори ўринларни эгаллайди - аҳоли сони 3 миллион 850 минг нафар. Шу боис, бугунги кунда 20 мингга яқин оила уй-жойга муҳтож. Ҳар йили 30 мингдан зиёд янги оилалар ташкил бўлиши ҳам уй-жойга бўлган талабни оширмоқда.

Сўх, Олтиариқ, Тошлоқ, Қувада ичимлик суви таъминоти даражаси 50 фоиздан паст. Шу каби, Риштон, Бешариқ, Қўштепа, Ёзёвон, Ўзбекистон туманларида ҳам аҳвол яхши эмас.

Вилоятда канализация ва иссиқлик таъминоти тизимлари етарли ривожланмаган. Фарғона, Қўқон, Марғилон ва Қувасой шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизими кўплаб йиллар маблағ ажратилмагани оқибатида издан чиққан.

Шунингдек, 9 минг километр ички йўллар таъмирталаб аҳволда. Сўнгги беш йилда вилоятда электр энергияси истеъмоли 1,3 баробарга ошгани боис, электр тармоқлари, трансформатор ва подстанцияларнинг 40 фоизи таъмирга муҳтож.

Айни пайтда, аҳолининг 1 миллион нафарида турли хил сурункали касалликлар мавжуд (республика ҳудудлари орасида 1-ўрин). Бу жуда катта салбий кўрсаткич. Шундан, фуқароларимизнинг 335 минг нафарида –камқонлик, 222 минг юрак-қон томир, 125 минг – эндокрин, 54 минг – нафас йўллари, 50 минг – ошқозон-ичак сурункали касалликлари борлиги аниқланган.

Бундан ташқари, 236 та мактабнинг юкламаси қувватларидан анча юқори. Келгуси беш йилда ўқувчилар сони 62 мингтага кўпайиши ушбу масаланинг қанчалик долзарблигини кўрсатади.

Яна бир муҳим масала – вилоятда 160 мингдан зиёд аҳоли ишсиз бўлиб, ҳар йили меҳнат бозорига қўшимча 50 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. 110 минг оила доимий даромад манбаига эга эмас”, деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top