20:18 / 05.10.2021
32412
«Пандора иши». «Уддабуронлар» қандай фош этилмоқда?

«Пандора иши» 6,4 миллион ҳужжат, уч миллион сурат, бир миллиондан ортиқ электрон мактуб ва қарийб ярим миллион жадвалдан таркиб топган. Уларда 90та давлатдан 330дан зиёд сиёсатчи қандай қилиб ўз бойликларини яшириш учун оффшор компаниялардан фойдалангани фош қилинган.

Пандора — дунёнинг бой ва қудратли айрим шахсларининг яширин бойликлари, солиқдан қочганлари ва пул ювганини фош қилган, 12 миллион файлдан иборат бўлган ҳужжатлар тўпламидир.

117 давлатда 600 нафардан ортиқ журналист 14 манбадан олинган файлларни бир неча ой давомида ўрганишган ва якуний натижаларни эълон қилишди.

Маълумотлар Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциуми (ХТЖК) томонидан ўрганиб чиқилган, суриштирувда 140 дан ортиқ медиа ташкилотлар иштирок этган.

BBC нашрига кўра, Пандора ҳужжатлари 6,4 миллион ҳужжат, уч миллион сурат, бир миллиондан ортиқ электрон мактуб ва қарийб ярим миллион жадвалдан таркиб топган.

Ушбу ҳужжатлар баъзи қудратли шахслар, хусусан, 90та давлатдан 330дан зиёд сиёсатчи қандай қилиб ўз бойликларини яшириш учун оффшор компаниялардан фойдаланганини фош қилади.

Эълон қилинган баъзи маълумотлар:

  • Иордания қироли номаълум компаниялари орқали Буюк Британия ва АҚШдаги кўчмас мулкларга 70 миллион фунт стерлинг (100 млн доллар) пул сарфлаган;
  • Озарбойжон президенти ва унинг оила аъзоларига тегишли Буюк Британиядаги мулклар 400 миллион фунтдан ортиққа баҳоланган;
  • Чехия Бош вазири Францияда 2 та виллани 12 миллион фунтга сотиб олганини декларация қилмаган;
  • Кения президенти Уҳуру Кенятта оиласи бир нечта оффшор компанияларга алоқадорлиги келтириб ўтилган.

«Global Financial Integrity» тадқиқот маркази мутахассиси Лакшми Кумарнинг таъкидлашича, баъзи шахслар маблағларни бир жойдан иккинчи жойга ўтказишда оффшор компаниялардан фойдаланган.

Оффшор ўзи нима?

Оффшор – компанияларни бошқа давлатларда ташкил этиш орқали, мулк эгалигини яшириш. Масалан, кимнингдир Британияда мулки бор, бироқ ташкилий жиҳатдан унга бошқа давлатда эгалик қилиш оффшор ҳисобланади. Одатда бу усул билан мулкнинг эгасини аниқлаш мураккаблашади, солиқ тўлашдан қочилади.

Буюк Британия ва унинг денгизорти ҳудудлари, Швейцария ва Сингапурда оффшор компаниялар кўп учрайди. Бунга ушбу давлатларда компания очишнинг осонлиги, қонунлар компания эгаси шахсини очиқлашни қийинлаштириб қўйганлиги ва корпоратив солиқлар паст ёки умуман мавжуд эмаслиги каби сабаблар келтириб ўтилган.

Яширин оффшор компанияга эга бўлиш ноқонуний бўлмаса ҳам, махфий компанияларнинг мураккаб тармоғидан фойдаланиб пул ва активларни ўтказиш жиноятни яширишнинг мукаммал йўлларидан бири сифатида кўрилади.

Оффшорда пул яшириш осонми?

Махфийлик принциплари устун бўлган мамлакатларда компания ташкил қилдингиз. Рўйхатда ўша компаниянинг номигина бўлади, офис ва ходимлар бўлмайди. Сиз бу компания номидан иш юритиш учун ушбу соҳада фаолият юритадиган махсус фирмаларга маълум миқдорда пул тўлайсиз. Бу фирмалар эса компания раҳбари сифатида ўз директорларнинг исми ва манзилини тақдим қилади. Шу боис бу бизнес ортида ким турганини кўрсатувчи из қолмайди.

Оффшорда қанча пул яширилган?

Халқаро тадқиқотчи журналистлар консорциумига кўра, 5,6 трлндан 32 трлнгача мулк оффшор кўринишида. Халқаро валюта фондига кўра эса, шу сабаб мамлакатларга 600 млрд солиқ тўланмай қоляпти.

Лакшми Кумарнинг таъкидлашича, оффшор компаниялар жамият учун ўта зарарлидир: «Пулни яшириш ҳаётингизга бевосита таъсир қилади... У болангизнинг таълим олиши, сифатли соғлиқни сақлаш хизмати ва уй-жойга бўлган имкониятларга жиддий зиён етказади».

Буюк Британия оффшорга қарши қандай курашмоқчи?

Ўз ҳудудидаги мулкка хориждаги аноним компаниялар эгалик қилишига йўл қўйиб бераётгани сабаб Британия ҳукумати анчадан бери халқаро майдонда танқидларга учраб келади.

Мамлакатда 2018 йилда мулкларнинг охирги эгасини очиқлашни талаб қилувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлишига қаралмай, у ҳозиргача парламент аъзолари муҳокамасига қўйилмаган.

2019 йилги парламент ҳисоботида айтилишича, айни пайтдаги мамлакатда ҳукм сураётган тизим пул ювувчилар учун ажойиб имкониятлар яратади ва уларни ўзига тортади.

Ҳукумат кейинги даврда бу борада жиддий ишларни амалга оширишини ва парламентда мамлакатдаги мулкка эгалик қиладиган оффшор компаниялар реестрини жорий қилиш масаласини муҳокама қилишини маълум қилган.

Top