22:17 / 05.10.2021
8647
Telegram фойдаланувчилари сони бир кунда 70 миллионга кўпайди
Фото: Flickr

Facebook серверларида кузатилган носозликлар фонида Telegram мессенжери фойдаланувчилари сони бир кунда 70 миллионга кўпайди. Бу ҳақда Telegram асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

«Telegram'да кунлик ўсиш ва фаоллик бўйича рекорд қайд этилди. Бир кунда бошқа тармоқлардан 70 миллиондан ортиқ фойдаланувчилар Telegram'га ўтишди. Жамоамиз бундай катта техник босимга дош бера олгани билан фахрланаман.

Шимолий ва Жанубий Америкадаги фойдаланувчиларимиз Telegram одатдагидан секинроқ ишлагани сабаб бироз ноқулайлик ҳис қилган бўлишлари мумкин, чунки бу ҳудудларда одамлар ёппасига Telegram'га ўта бошлашди. Telegram'нинг узоқ йиллик фойдаланувчиларига янги қўшилган дўстларига мессенжернинг барча қулайликларини ўргатишларини сўраган бўлардим. Ишонаман, улар биз билан қолади ва нега Telegram рақобатчиларини ортда қолдираётганини билиб олишади.

Telegram'га янги ташриф буюрганларга дунёдаги энг йирик мустақил хабар алмашиш платформасига хуш келибсиз деб қоламан. Бошқалар сизга панд бераётган бир вақтда биз сизни уялтириб қўймаймиз», деб якунлаган постини Дуров.

Кеча бутун дунё бўйлаб Facebook, WhatsApp ва Instagram (барчаси Facebook'га тегишли тармоқлар) серверларида кузатилган носозлик сабаб улар ишламай қолди. Кейинчалик қолган тармоқларда ҳам муаммолар кузатилди. Telegram эса баъзи секинлашларни инобатга олмаса, муаммосиз ишлашда давом этди. Шу сабаб унинг фойдаланувчилари кескин ошди.

Охирги марта Telegram'да кескин ўсиш 2021 йил январида кузатилган. Ўшанда WhatsApp ўз фойдаланувчиларининг маълумотларини ўзи тегишли бўлган Facebook'га бериб боришини эълон қилганди. Оқибатда WhatsApp'га ишончсизлик ошиб, кўпчилик ёппасига Telegram'га ўта бошлаган.

Ҳозирги кунда бутун дунё бўйлаб Telegram фойдаланувчилари сони 700 миллиондан ортиқ. WhatsApp'дан эса 2 миллиарддан ортиқ одамлар фойдаланиши маълум.

Top