21:08 / 07.10.2021
2174
«Агрологистик марказлар қуриш орқали маҳсулотларнинг нархи ва экспорт салоҳиятимизни ушлаб туришга интиляпмиз» — вазирлик мулозими

7 октябрь куни Миллий матбуот марказида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг сўнгги 5 йиллик фаолияти юзасидан матбуот анжумани ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Тадбирда журналистлар томонидан Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тўғри режалаштириши йўқлиги сабаб ҳар йили Ўзбекистонда минглаб тонна сабзавот ва мева маҳсулотлари сотилмасдан йўқотилаётгани ёки ўз нархидан анча паст нархда сотилаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди.

Савол юзасидан вазирлик бошқарма бошлиғи Зафар Ортиқов фикрларини билдирар экан, вазирлик айни пайтда вилоятларда маҳсулотларни узоқ муддатга сақлаб туриш учун мўлжалланган агрологистик марказлар қурилаётганини билдирди.

Зафар Ортиқов

«Тўғри, пишиқчилик даври келганда масалан, Сурхондарёда пиёзнинг ёки карамнинг нархи кескин тушиб кетиши бор ҳолат. Биз ҳар йили жойлардан бу бўйича таклиф оламиз. Ҳар бир туманда ўз бўлимларимиз бор. Фермер хўжаликлари уларга ўз таклифларини беради. Масалан, бу йил сабзавотнинг ўзига барча тоифа хўжаликлари учун 11 млн тонна, полиз маҳсулотларига эса 2.3 млн тонна ҳосил режа қилганмиз.

Тўғри, сиз айтган ҳолатлар ҳам бор. Бу қишлоқ хўжалиги учун жуда катта муаммо. Бу борада бизнинг мақсадимиз тез айнийдиган маҳсулотларни сақлайдиган омборлар қуришдир. Бу орқали нарх йил давомида бир хил ушлаб турилади.

Ҳозир шу йўлда вазирлик томонидан жуда катта ҳажмдаги агрологистик марказлар ташкил этиляпти. Масалан, улардан биринчиси Тошкент вилоятида ташкил этилади. Қолганлари водий вилоятларида ва Сурхондарёда қурилади. Булар орқали нарх ҳам ушлаб турилади, экспорт салоҳияти ҳам.

Масалан, бу йилги сабзи нархи кўтарилиб, пиёзнинг эса тушиб кетиши биз томонимиздан таҳлил қилинганди», – деди мулозим.

Вазирликнинг яна бир бошқарма бошлиғи Шуҳрат Омоновга кўра, 2021 йилда ҳукуматнинг айни мазкур масала бўйича қарори ҳам қабул қилинди.

«Унга кўра ягона электрон платформа яратилади ва қаерда қанча ва қандай навли экин етиштирилаётганини ҳисоби юритилади. Ҳозирги кунда бу платформа ишлаб чиқилиш жараёнида. Келгуси йилдан бошлаб биз қаерда қанча ҳосил бўлишини биламиз», – деди у.

Тадбирда таъкидланишича, 2017-21 йиллар давомида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш давомида қишлоқ хўжалиги соҳасида 17 та қонун, президентнинг 29 та фармони ва 143 та қарори, ҳукуматнинг 183 та қарори қабул қилинган.

Шунингдек, 2020 йилда 90 га яқин мева-сабзавотчилик кластерлари ташкил этилиб, улар томонидан 78,8 минг гектар майдонда 1,2 млн тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. 2021 йилда уларнинг фаолияти ривожлантирилиб, сони 146 тага, ер майдони 116 минг гектарга етказилди ва йил якунигача 2.7 млн тонна маҳсулот етиштирилган.

Top