20:47 / 07.10.2021
13225
Нобел мукофотининг янги совриндори Абдураззоқ Гурна ким?

2021 йил адабиёт бўйича Нобель мукофоти «маданиятлар ва қитъалар орасидаги жарликда мустамлакачилик оқибатлари ва қочқинлар тақдирини муросасиз ва раҳмдиллик билан акс эттиргани учун» танзаниялик ёзувчи Абдураззоқ Гурнага берилди. 73 ёшли ёзувчи мукофот тариқасида 10 миллион швед крони (тахминан 1 миллион 140 минг АҚШ доллари)ни қўлга киритди.

Фото: Getty Images

«Унинг романларни стереотипик таърифлардан холи ва улар бизга дунёнинг бошқа жойларидаги кўплаб инсонларга таниш бўлмаган Шарқий Африкани очиб беради», дейилади қўмита баёнотида.

Абдураззоқ Гурна ким? 

Гурна 1948 йилда Шарқий Африка қирғоғидаги Занзибар шаҳрида туғилган. У бошланғич таълимини инглиз мактабларида олади. Болалик пайтида Қуръон курсида ўқийди ва араб тилини ўрганади.

Гурнанинг она тили суахили тили ҳисобланади. У ёшлигида Занзибар қўзғолони (1964) ва социалистик тузумнинг шиддатли йилларига гувоҳ бўлади. 1968 йилда Англияга кетади. Олий маълумотни Кент университетида олади. Докторлик диссертациясида (1982) Шарқий Африка, Кариб денгизи ва Ҳиндистон адабиётидаги мустамлакачилик мавзусини таҳлил қилади ва постколониал адабиёт бўйича ихтисослашади.

У ўзининг биринчи романи «Memory of Departure» («Кетиш хотираси», 1987)да Африкада ўтган ёшлик йилларидан сўнг мамлакатни тарк этган Ҳасан образининг хотирасидан жой олган Африка қиёфасини постколониал даврнинг шахсият муаммолари нуқтайи назаридан келиб чиқиб акс эттиради.

Иккинчи романи «Pilgrim’s Way» («Ҳожилар йўли», 1988)да Англияга яхши ҳаёт умидида келган танзаниялик Довуд иммигрантларга қарши муносабатга дуч келгани туфайли паранояни бошдан кечиради ва у чорани Танзаниядаги ўтмишини бутунлай йўқ қилишдан қидиради.

Худди шундай бегоналашув муаммосини «Dottie» (1990) асарида Дотти Бадоара Фотима Бальфур характери мисолида муҳокама қилади. Фотима Бальфурнинг гибрид идентификатори – ирқчилик ва миллатчилик қувғин-муҳожир қаҳрамонларга шикаст етказувчи таъсирга эга эканлигининг ёрқин рамзидир.

«Paradise» («Жаннат», 1994)да Гурна Қуръонда келтирилган Ёқуб ўғли Юсуф алайҳиссалом ҳақидаги ҳикояни 1900-1914 йиллар орасидаги Шарқий Африка тимсолига мослаштиради.

Ёзувчи Африкадаги қуллик, тарихни бузиш ва исломофобия каби мустамлакачилик нутқи стереотипларини муҳокама қилар экан, Юсуф ҳикояси бир томондан деспотизм, иккинчи томондан эса мустамлакачиликни танқид қилиш каби икки томонлама вазифани бажаради.

«By the Sea» («Денгиз соҳилида», 2001) асарида эса империал таълим ва Африканинг маҳаллий урф-одатлари орасидаги парадокслар қаламга олинади.

«Admiring Silence» («Сукунат ҳайрати», 2018) асарининг исмсиз ҳикоячиси ҳам ўз юртини ташлаб кетган занзибарлик диссидент бўлиб, у Буюк Британияда турмуш қургач, ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланади.

Абдураззоқ Гурна романлардан ташқари, Салмон Рушдий, Энтони Бёрджесс, Жозеф Конрад, Видиадҳар Суражпрасад Наипаул, Зое Викомб каби муаллифлар ҳақида ёзилган бир қанча адабий-танқидий асарларнинг ҳам муаллифи саналади. 

Ўтган йили нима бўлганди?

Швеция академияси аъзолари 2020 йил америкалик шоира Луиза Глюкни адабиёт бўйича Нобел мукофоти билан тақдирлашганди. Баёнотда Глюк «ўзининг бетимсол гўзаллиги билан индивидуал шахсиятни умумбашар доирасига олиб чиқа олган мукаммал шеърий овози» учун мукофотга лойиқ деб топилгани айтилади.

Адабиёт бўйича Нобел мукофоти

Маълумот учун, адабиёт бўйича Нобель мукофоти 1901-2021 йиллар давомида жами 114 марта берилган. 118 киши лойиқ кўрилган мазкур мукофотнинг тўрттаси икки муаллиф ўртасида тақсимланган. 2006 йилда адабиёт бўйича Нобел мукофотига лойиқ кўрилган Ўрхон Памуқ турк дунёсининг Нобел мукофотига сазовор бўлган илк ёзувчиси саналади.

Top