20:00 / 07.10.2021
2845
“Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги делегация Санкт-Петербургдаги халқаро газ форумида иштирок этди

2021 йилнинг 5-8 октябрь кунлари “Экспофорум-интернэшнл” компанияси томонидан ташкиллаштирилган X Петербург халқаро газ форуми (ПМГФ–2021)да “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб ўтаётган юбилей Х Петербург халқаро газ форумида 2011 йилдан буён мунтазам ўтказиб келинмоқда. Ушбу форум ҳар йили жаҳон ҳамжамиятининг етакчи вакилларини тўплайдиган газ саноатининг энг нуфузли бизнес тадбирларидан биридир.

Шунингдек, ушбу форум нефть-газ соҳасидаги энг йирик халқаро конгресс ва кўргазма лойиҳаларининг ТОП-5 лигига киритилган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Санкт-Петербургдаги “ЭКСПОФОРУМ” конгресс-кўргазма марказида ўтаётган бу йилги форум халқаро газ бозорининг ривожланиши ва газ саноати ривожланишининг глобал тенденцияларига бағишланди.

Форум доирасида “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси бошлигидаги делегацияси ҳамда “Газпром” АЖ, газ саноати учун асбоб-ускуналар ва техникалар ишлаб чиқарувчи “ОМК” АЖ ва “ТМК” АЖ, газни тақсимлаш ва газ етказиб бериш борасидаги йирик ташкилотлардан бири “ОДК” АЖ бизнес вакиллари билан бир қатор музокаралар ўтказилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Учрашувларда томонлар қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати ва ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Делегация аъзолари бир қатор ихтисослаштирилган кўргазмаларга ҳам ташриф буюрди. Хусусан, “InGAS Stream – Газ тармоғидаги инновациялар” халқаро кўргазмасини ва “Газ мотор ёқилғиси” кўргазмаси билан яқиндан танишиб чиқилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖ делегациясининг юбилей Х Петербург халқаро газ форумида иштирок этиши, хорижий компаниялар билан ҳамкорликни кенгайтириш ва Ўзбекистон Республикаси нефть-газ тармоғини халқаро ҳамжамиятга тақдим этиш имконини берди.

Эслатиб ўтамиз, ушбу Форум доирасида 90 та турли форматдаги тадбирлар ўтказилади ва конференцияларда ўзаро музокаралардан ташқари, аниқ қарорлар, турли лойиҳалар борасида томонлар ўзаро келишувларга эришадилар.

Фото: Ўзбекнефтгаз

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top