11:48 / 07.10.2021
7154
Шавкат Мирзиёев Сирдарёда сайловчилар билан учрашди

Вилоятнинг Сирдарё туманидаги саноат зонасида ташкил этилган учрашувда ЎзЛиДеп фаоллари, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Сирдарёликлар ҳам бошқа вилоятлар анъанасини давом эттирган ҳолда номзодни олқишлар билан кутиб олишди. 

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Kun.uz мухбири хабарига кўра, бу вилоятдаги ўзига хос жиҳат партия рамзларидаги ранглар ўзгаргани бўлди. Дастлабки учрашувларда рамзлар ва либослар тўқ кўк рангда бўлган бўлса, Сирдарёда мовий ва яшил ранглардан ҳам фойдаланилгани кузатилди.

Президентликка номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили Покиза Аҳмаджонова тадбирни очиб берди ва вилоятдаги сўнгги йилларда эришилган ютуқлар, хусусан Шавкат Мирзиёевнинг Сардоба фожиаси оқибатларини бартараф этишдаги саъй-ҳаракатлар ҳақида эслаб ўтди. Шундан сўнг номзодга сўз берилди.

“2023 йил Сирдарёга 60 йил тўлади. Мен бу заминга яқин жойда туғилганман ва Сирдарёни жуда яхши биламан. Ислоҳотларимизга бефарқ бўлмаган, Янги Ўзбекистон қуриш ниятида бўлган инсонларни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Бизнинг мустақиллигимизга 30 йил бўлди, лекин давлатчилик тарихимиз 3 минг йиллик. Боболаримизга муносиб бўлишимиз энг катта ютуқ.

Сирдарё чўллари менга яхши таниш, талабалигимизда бизни бу ерларга 3-4 ойлаб пахтага ташлаб кетишарди. Яқин ўтмишни эслайлик, бундай йиғилишлар ўтказа олармидик? Ўтказсак ҳам хаёлимиз пахтада, “приписка”да бўларди. Мана, ўзингиз кўриб турибсиз, Сирдарёга ҳам саноат кириб келмоқда. Халқимизда бир ибора пайдо бўлди – қилса бўлар эканку! Ҳозир замон ўзгаряпти, ёшлар, талаблар ўзгаряпти. Агар биз тезкор ҳаракат қилмасак, орқада қолиб кетамиз. Албатта, ютуқлар ўзимизники. Мен сизлар билан камчиликларни бартараф қилиш бўйича мулоқот қилгани келдим”, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мавзу
Сайлов-2021
Сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартишларга кўра сайловлар октябр ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланди. 2021 йилги президентлик сайлови 24 октябрга тўғри келмоқда.
Барчаси
Top