22:21 / 08.10.2021
4869
Британияда ёнилғи ва озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда
Фото: Global Look Press

Британия фуқаролари ёнилғи ва озиқ-овқат маҳсулотлари етишмаётганидан шикоят қилишмоқда. Миллий статистика хизмати ҳисоботига кўра, британияликларнинг 23 фоизи озиқ-овқат маҳсулотлари сотиб ололмаётганлари, 15 фоизи эса ёнилғи харид қилишда муаммоларга учраётганларини айтишган. 61 фоиз аҳоли дўконларда зарур товарлар йўқлиги ва уларнинг ўрнини бошқа товарлар билан босиб бўлмаслиги сабабли истеъмолчилик одатлари ўзгарганини маълум қилишган.

17 фоиз британияликларнинг айтишича, улар кундалик зарур бўлган озиқ-овқатларни харид қилиша олмаяпти. 23 фоиз аҳоли рецепт бўйича дори-дармон олишнинг иложи йўқлигидан шикоят қилган. Ҳар ўнинчи британиялик эса ўз сарф-харажатларини камайтириб, камроқ маҳсулот харид қилмоқда.

Британияда товарлар нархи ошиши ва тақчиллиги уларни етказишдаги узилишлар сабабли юзга келди. Коронавирус тарқалиши сабабли киритилган маҳаллий локдаунлар логистик муаммоларни келтириб чиқарган ва уларнинг оқибатлари ҳамон сезилмоқда. Бундан ташқари, мамлакатда Brexit сабабли юзага келган ишчи кучи тақчиллиги инқирозни янада чуқурлаштирган. Британия Европа иттифоқи таркибидан чиққандан кейин айрим меҳнат муҳожирлари пандемия сабабли киритилган чекловлар ва виза олишдаги қийинчиликлар сабабли қиролликка қайтмаган.

Мисол учун, айни вақтда Британияда юк машиналари ҳайдовчилари етишмаслиги кузатилмоқда. Бу эса АЁҚШларга ёнилғи ва дўконларга маҳсулотлар етказишда муаммоларни келтириб чиқарган. Бундан ташқари, қиролликда қассоблар ва парранда етиштирувчилар етишмаяпти. Гўштни қайта ишлаш саноати корхоналари ходимлар тақчиллиги сабабли чорвани йўқ қилишларига тўғри келишини айтмоқда.  

Top