10:51 / 10.10.2021
390
Бош прокурор кўзи ожизлар кутубхонасига ташриф буюрди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қибрай туманида жойлашган кўзи ожизлар кутубхонасига ташриф буюриб, ёшлар билан мулоқот қилди. Шунингдек, туман марказида ўтказилган «Уч авлод учрашуви»да ҳам қатнашиб, эсдалик нишонларни топширди.

Фото: Telegram /uzbprokuratura

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев Қибрай туманидаги кўзи ожизлар кутубхонасига ташриф буюриб, ёш китобхонлар билан мулоқот қилди. Ёшларга эсдалик совғаларини тақдим қилиб, кутубхона фонди учун бадиий адабиётлар тўпламларини туҳфа қилди. Ушбу кўзи ожизлар кутубхонасида 3000 га яқин бадиий адабиётлар, 200 га яқин брайл ёзувидаги китоблар мавжуд.

Шунингдек, Бош прокурор туман марказида ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат арбоблари, турли тармоқларда меҳнат қилаётган турфа миллат вакиллари, ўз соҳасида катта ютуқларга эришган ёшлар билан учрашди.

Ниғматилла Йўлдошев кириш сўзида, нуронийларнинг бой тажрибаси, ўрта авлод вакилларининг ирода ва меҳнати, ёш авлоднинг шижоат ва ғайрати биргаликда катта куч бўлиши, уч авлоднинг мамлакатимиз тараққиёти, бугунги истиқболидаги ўрнини алоҳида эътироф этди.

Тадбир давомида эл-юрт равнақига муносиб ҳисса қўшаётган уч авлод вакилларидан бир гуруҳига «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги» эсдалик нишонлари топширилди.

Фото: Telegram /uzbprokuratura
Фото: Telegram /uzbprokuratura
Top