15:06 / 10.10.2021
10144
Татаристонда парашютчилар самолёти қулаб тушди. Фақат олти киши тирик қолди

Россия таркибидаги Татаристон Республикасининг Мензелинск шаҳрида L-410 русумли енгил моторли самолёт қулаб тушиши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди. Бортда жами 22 киши бўлган.

Фото: Россия ФВВ

Татаристон соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шифохонага олти нафар жабрланувчи ётқизилган, улардан бири ўта оғир аҳволда.

Дастлабки хабарларда етти киши ҳалокатдан омон қолгани айтилганди. Кейинроқ соғлиқни сақлаш вазирлигидагилар тиббий ёрдамга муҳтож ҳолда келтирилган беморларнинг бири самолёт бортида бўлмагани, у қулаш ҳудудида авариядан кейин ўзини ёмон ҳис қилиб шифокорларга мурожаат қилгани айтилди.

Ҳалокат рўй берган жойга 50дан ортиқ қутқарувчи ва 17та техника жалб этилган. Воқеа жойига Татаристон президенти Рустам Минниханов ҳам етиб келган.

Чехияда ишлаб чиқарилган L-410 енгил моторли самолёти Мензелинскда ҳалокатга учрагани ҳақидаги хабар маҳаллий вақт билан соат 9:11да келиб тушган.

ТАСС агентлиги манбасига кўра, самолёт аэродромдан учиб чиқишидан кўп ўтмай қулаб тушган. Қулаш чоғида унинг фюзеляжи (корпуси) чилпарчин бўлган. «Интерфакс» агентлиги манбасининг қайд этишича, ҳалокатнинг асосий сабаби сифатида техниканинг ишламай қолгани кўриб чиқилмоқда. Самолёт бошқаруви ишламай қолгач, учувчи мажбурий қўнишни амалга оширмоқчи бўлган, аммо ерга жуда кучли зарб билан урилган.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, самолёт ДОСААФ (Россия армияси, авиацияси ва флотига кўмак бериш кўнгиллилар жамияти)га тегишли бўлган. Ундан 1987 йилдан буён фойдаланилиб келинган.

MARINA LYSTSEVA/TASS

Сентябрь ойи бошида ҳам худди шу русумли самолёт Иркутск областидаги Казачинский қишлоғида мажбурий қўнишни амалга оширганди. Самолёт қуюқ туман шароитида юқори бўлмаган баландликдан қулаганди. Бортда 14 йўловчи ва экипажнинг икки аъзоси бўлган. Тўрт киши ҳалок бўлган, жумладан ҳаво кемаси командири ҳам.

L-410 русумли яна бир самолёт (унинг ҳам бортида парашютчилар бўлган) жорий йил июнида Кемерово областида қулаб тушганди. Аварияга двигател ишламай қолгани сабаб бўлган, бу ҳалокат тўрт кишини ҳаётдан олиб кетганди.

Top