12:59 / 12.10.2021
7534
Кўп давлатларнинг давлатчилигини ўрганиш мумкин, лекин бирортаси Ўзбекистонга тўлиғича тўғри келмайди – Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди учрашувларидан ўнинчиси 12 октябрь куни Бухоро вилоятида бўлиб ўтмоқда. Қоракўл туманида ташкиллаштирилган сайловчилар билан учрашувда ЎзЛиДеп вакиллари номзодни “Мирзиёев” дея ҳайқириқлар ва “Инсон қадри” қўшиғи билан қаршилади.

Фото: Миллий масс-медиа фонди

Тадбирни номзоднинг вилоятдаги ишончли вакили, Бухорода 2016 йилгача ҳокимлик қилган Самойди Ҳусенов олиб борди. У “Бугун Шавкат Миромоновичнинг пойқадамлари туфайли Бухорога нур ёғилди” дея сўз бошлади ва бошқа модераторлар сингари Шавкат Мирзиёевни таништиришга ҳожат йўқлигини билдирди. 

Самойди Ҳусенов номзоднинг вилоят равнақи йўлида қилган хизматлари ҳақида айтиб ўтаркан, 2008 йилда Когондаги портлашлар чоғида 75 кун ишлагани ва ҳодиса оқибатларини бартараф қилганини ёдга олди. Олот ва Қоракўл туманларидаги табиий офатга қарши кураши билан ҳудуд аҳолисининг кўнглини кўтарганини билдирди. Шундан сўнг номзодга сўз берилди.

“Бугун мамлакатимиз катта сиёсий жараён олдида турибди. Мен Бухоро халқининг дардини яқиндан биладиган одам сифатида қаерда ишлашимдан қатъи назар одамларни қандай рози қилиш мақсадида кўп ўйлаб юрганман. Ислоҳотларимизга келсак, ўтган 5 йилда биз эмин-эркин яшашни, инсон қадрига етишни, халқимизни рози қилишни ўргандик. Кўп давлатларнинг давлатчилигини ўрганиш мумкин, лекин уларнинг бирортаси Ўзбекистон шароитига тўлиғича тўғри келмайди. Олдин бизда жуда кучли қўрқув бор эди, шу туфайли кўп инсонлар ҳадикда яшади.

Қандайдир ўзгариш қиламиз десак, таълимни тўғри йўлга қўйишимиз, муаллимнинг обрўсини кўтаришимиз зарур. Тарих учун 5 йил жуда оз вақт. Лекин шу 5 йилдаги ютуқларимизни кўриб, эртанги кунимизга ишониб, катта-катта режалар қиляпмиз. Камчиликларимиз ҳам бўлди, чунки изланган одам албатта камчиликка йўл қўяди ва тажрибаси ошиб, ютуққа эришади. Халқимизда бир ибора пайдо бўлди “Қилса бўлар экан-ку!” Энди айтадиган гапим – Бухорода ҳам қилса бўлар экан-ку! Бизнинг ер остида улкан бойликларимиз бор. Лекин ундан ҳам катта ютуғимиз – ер устида бунёдкор халқимиз бор”, – деди президентликка номзод.

Top