15:09 / 13.10.2021
14482
«Олтин тўп» учун кураш. Миллатлар лигаси даъвогарлар ўнлигида қандай ўзгаришларга сабаб бўлди?
Фото: Getty/Goal

«France Football» «Олтин тўп»нинг 30та номзодини эълон қилиши ортидан ушбу совринга номзодлар рўйхатини янада аниқроқ билиб олдик. Англиянинг «Goal.com» нашри асосий даъвогарлар рейтингини янгилаб боришда давом этмоқда. Қуйида ушбу нашр талқинига кўра, топ-10да бораётган номзодларнинг имкониятлари ҳақида сўз юритамиз.

10. Кевин де Брюйне («Манчестер Сити»)

2021 йилда: 12та гол, 14та ассист, Премьер-лига ва Англия Лига Кубоги. 

Сўнгги 3та ўйинида клуб ва миллий жамоа учун битта гол, 3та ассист амалга оширишга муваффақ бўлган Кевин 10-ўринда қолдирилди. Бунга асосий сабаб сифатида футболчининг доимий равишда майдонда бўлмаётганини келтиришимиз мумкин. Клуб ва миллий жамоа сардори мавсумнинг катта қисмини лазаретда ўтказди. Бу натижалар «Олтин тўп»ни ютиш учун камлик қилиши мумкин.

Фото: Getty/Goal

9. Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед»)

2021 йилда: 38та гол, 4та ассист, Италия Кубоги ва Суперкубоги.

Қатарга қарши ўртоқлик ўйинидаги гол «Олтин тўп» учун курашда Роналдунинг имкониятларини яхшилай олмаслиги аниқ. У Италияда кубок ва суперкубокни ютишга эришди. Лекин А Серия бой берилди, ЕЧЛда «Порту» тўсиғидан ўта олмади. Чемпионлар Лигаси қироли дея таърифланадиган португалиялик юлдуз «Юве» сафида чоракфиналдан нарига ўта олмади. 3 мавсум ичида 2 марта нимчоракфиналда қолиб кетди. Туринликларнинг жорий мавсумдаги муваффақиятсизлигига Криштиануни тўлиқ айбдор, деб билмаслик керак. У янги йил бошланганидан бери 38та гол урди ва бу 36 ёшли ҳужумчи учун жуда яхши натижа. «Олтин тўп» эса баҳоналарни қабул қила олмайди. У йилнинг энг яхшисига топширилиши керак.

Фото: Getty/Goal

8. Эрлинг Ҳоланд («Боруссия Дортмунд»)

2021 йилда: 41та гол, 13та ассист. 

Йўқ, Ҳоланд бир неча мавсум порлайдиган ўткинчи юлдуз эмас. У ҳам Мбаппе сингари ўз даражасини исботлай олди. Персонал кўрсаткичлар борасида у 2021 йилда исталган футболчи билан беллаша олди. Жамоаси билан Германия Кубогини ютди. Лекин йилнинг энг яхшиси бўлиш учун шунчаки голлар машинаси бўлишнинг ўзи етмайди. Эрлинг жорий йилда ўзининг келгусида қандай натижаларга эришиши мумкинлигини кўрсата олди. Унинг фаолиятини турли жароҳатлар бузиб қўймаслигига тилакдошмиз.

Фото: Getty/Goal

7. Ромелу Лукаку («Челси»)

2021 йилда: 30та гол, 8та ассист, А Серия. 

Лукаку «Интер»ни узоқ кутилган А Серия чемпионлиги томон етаклаб бора олди. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида қадрдон «Челси»га қайтган Ромелу стартни ажойиб олди. Аммо, очиғини айтганда, унинг кўрсаткичлари «Олтин тўп»ни ютиш учун етмайди. Устига-устак, Миллатлар Лигаси яримфиналининг бой берилиши ҳам бельгиялик ҳужумчининг имкониятларини пасайтириб юборди.

Фото: Getty/Goal

6. Килиан Мбаппе («ПСЖ»)

2021 йилда: 35та гол, 14та ассист, УЕФА Миллатлар лигаси, Франция Кубоги ва Лига Кубоги.  

Миллатлар лигаси финалида Францияга ғалаба келтирган гол муаллифига айланган Килиан Мбаппе аввалги рейтингда 7-ўринда эди. Европа чемпионатида пенальтидан фойдалана олмай, кўплаб мухлисларнинг танқидлари остида қолиб кетган Мбаппе «учранглилар»га яна бир титулни ютиб берди.

Мавсум давомида у «Олтин тўп» учун асосий даъвогар сифатида қаралаётганди. Лекин Франция биринчи дивизиони ва Чемпионлар лигасининг қўлдан чиқарилиши бунга жиддий таъсир кўрсатди. Евро-2020да ҳам унинг пенальтидан гол ура олмагани сабабли Франция мусобақани тарк этди.

Фото: Getty/Goal

5. Карим Бензема («Реал»)

2021 йилда: 34та гол, 13та ассист, УЕФА Миллатлар Лигаси  

Салоҳ топ-10таликда йўқ, лекин айни пайтда жаҳон футболида энг юқори темпда футбол ўйнаётган икки футболчи бўлса, биттаси Муҳаммад, иккинчиси эса Каримдир. Миллатлар лигаси финалини безаган гол муаллифи индивидуал тарафдан жуда ажойиб мавсум ўтказди. 2021 йил ҳисоби бўйича ажойиб кўрсаткичларга эга. Ла Лигада мавсум стартини даҳшатли даражада яхши бошлади.

Афсуски, якунига етган мавсумда «Реал» билан бирорта титул юта олмади. Муаммолар гирдобидаги «Барселона» ҳам Қирол Кубогига эга чиққан пайтда, «қироллик клуби»нинг совринсиз қолиши Бенземанинг «Олтин тўп»ни олмаслигига жиддий сабаб.

Фото: Getty/Goal

4. Нголо Канте («Челси»)

2021 йилда: битта гол, битта ассист, УЕФА Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги 

Янги мавсумни жароҳатлар билан бошлаган Канте 4-ўринда қолмоқда. Чемпионлар лигаси якунида ажойиб ўйинлари билан клубига бош совринни олиб берган француз яримҳимоячиси Европа чемпионатида муваффақиятсизликка учради. АПЛда эса 4-ўринда қолиб кетди. Миллатлар лигасидаги ғалабада эса иштирок эта олмади.

Фото: Getty/Goal

3. Жоржиньо («Челси»)

2021 йилда: 5та гол, 2та ассист. Евро-2020, УЕФА Чемпионлар Лигаси, УЕФА Суперкубоги.  

Жоржиньо ва Италия миллий жамоаси Миллатлар лигасини бой беришди. «Челси» яримҳимоячиси яримфинал ўйинида асосий таркибда майдонга тушди, аммо 64-дақиқада захирага олинди. Бельгияга қарши беллашувда эса 70-дақиқада захирадан ўйинга қўшилди.

Умуман, Жоржиньонинг захирада қолдирилиши клубида ҳам у қадар ҳайратланарли ҳолат эмас. Аммо 2021 йилда унинг каби катта жамоавий титулларни ютган футболчи йўқ.

Фото: Getty/Goal

2. Роберт Левандовски («Бавария»)

2021 йилда: 50та гол, 8та ассист, Бундеслига, Клублар ўртасидаги ЖЧ, Германия Суперкубоги.

Европа нашрлари хабар берганидек, тақдирлаш маросимида Левандовскига «Олтин тўп» берилади. Фақат бу 2020 йилги соврин бўлади. Масала шундаки, польшалик форвард бирданига 2та совринни қабул қилиб олиши мумкин.

Айтиш керакки, 33 ёшли ҳужумчи фаолиятидаги энг яхши 2 мавсумни ўтказди. 2021 йилги мавсум учун уни энг яхши деб топишса, бу у қадар ҳайратланарли кўринмайди. Лекин бу йўлда жуда катта ғов бор.

Фото: Getty/Goal

1. Лионель Месси («ПСЖ»)

2021 йилда: 38та гол, 14та ассист, Америка кубоги, Қирол Кубоги.  

Аслида, мавсум ҳисобида олсак, 2020/2021 йилги мавсумда Мессининг 1-ўринда бўлиши шубҳа уйғотиши мумкин эди. Сабаби, Каталониядан кета олмагач, у бир муддат ўзини топа олмай юрди. 2021 йил ҳисобида эса фантастик ўйин кўрсатди. Самарадорликда Левандовскидан қолишмаяпти. Қўлга киритган титуллари эса Робертникидан салмоқли. Айниқса, узоқ кутилган Америка Кубоги чемпионлиги. Испания кубогининг қўлга киритилишида ҳам у етакчи ролни ўйнади. Мавсумни янги жамоаси «ПСЖ»да у қадар ишончли бошламаган бўлса-да, «Манчестер Сити» билан ЕЧЛ гуруҳ босқичининг марказий беллашувида барча танқидчиларни ўчириб қўйишга эришди. Олдинда Леода ўзини янада яхшироқ томондан кўрсатиш имконияти бор. Аргентиналик тирик афсона 7-«Олтин тўп»га жуда яқин.

Фото: Getty/Goal

«Goal.com» рейтинги асосида Абдулвосид Валихонов тайёрлади.

Top