20:09 / 17.10.2021
17282
Фарзандингизни интернетда қандай ҳимоя қилишни биласизми? Ота-оналар учун тавсиялар
Фото: Getty Images

Фарзандингиз ўз хонасида одатдагидан кўпроқ қолиб, жим бўлиб қоладими? У аллақачон дарсларини қилиб бўлган ва қолган вақтида телефон билан банд! Смартфон ва интернет орқали нима ҳақида маълумот олаётгани эса ота-она учун мавҳум ва хавотирли ҳолат.

Интернетда жуда кўп фойдали ҳамда қизиқарли маълумотлар мавжуд ва ундан тўғри фойдаланилса бола учун фойдали бўлади. “Каспирский лабораторияси” тадқиқотларига кўра, ота-оналар болаларнинг онлайн хавфсизлигини таъминлашни билишмайди ва  84 фоиз ота-оналар фарзандларининг интернет оламида дуч келиши мумкин бўлган таҳдидлардан хавотир олишади.

Статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 90 фоиздан ортиғи интернетга уланган смартфон ва планшетлардан фойдаланади. Ота-оналар фарзанди интернетда онлайн таҳдидларга учрашидан хавотир олишса-да, уларни бундан маҳрум қилишни нотўғри иш деб ҳисоблашади.

Болалар психологи Эмма Кеннининг айтишича, ота-оналар кўпинча болаларни зўравонлик саҳналари акс этган видеолар кўриши ёки интернетга қарам бўлиб қолишдан қўрқишади. Аммо онлайн хатарга учраш боланинг руҳиятига қаттиқ таъсир қилиши исботланган. Ўтказилган сўровнома натижасида 60 фоиз оилаларнинг фарзандлари онлайн таҳдидларга дуч келишган ёки гувоҳ бўлишгани айтилган. 13 фоиз болалар зўравонлик қурбони бўлган, 14 фоизи эса ўзининг шахсий ва бошқа маълумотларини улашишдан азият чекади. Чунки улар онлайн тарзда шахсий маълумотларини осон ошкор қилишади ва оқибатда бундан фойдаланган “онлайн дўст” қўй терисидаги бўри бўлиб чиқади.

Хўш, ота-оналар болага интернетда керакли манбаларга киришни тақиқламай, у ердаги дўстлари билан муносабатларга халақит бермай уни таҳдидлардан ҳимоя қилиши, тўғри фойдаланишни қандай ўргатиши мумкин?

Ота-она назорати

Биз болаларга виртуал оламни реал каби жиддий қабул қилишга ўргатишимиз керак. Йўқса у уй ичида ўтириб ҳам онлайн таҳдидларга учраши мумкин. Буни фақатгина болалар кирадиган контентни фильтрлаш, иловалардан фойдаланишларини назорат қилиш, онлайн макондаги таҳдидлардан огоҳлантирувчи хавфсизлик тизими орқали қилса бўлади. Масалан, Kaspersky Safe Kids иловаси орқали буни амалга ошириш мумкин. Илова билан:

* Бола қандай дастурлардан фойдаланиши ҳақида маълумот оласиз.

* У интернетдаги муайян иловалардан фойдаланиши учун вақтни сиз белгилаб берасиз.

* Фарзандингизнинг интернетдаги фаолиятини назорат қилиш орқали режимга туширасиз. Бола хавфли контентларга ёки катталар учун мўлжалланган ресурсларга кирмоқчи бўлса, дастур сизга огоҳлантирувчи хабарнома юборади.

* Дастур болангизнинг Facebook, ВКонтакте ва шунга ўхшаш бошқа ижтимоий тармоқлардаги дўстлари ҳақида маълумот беради. Агар бола шубҳали дўст қабул қилса, сизга огоҳлантирувчи сигнал берилади.

* Тизим орқали болангизни интернетда ҳаракатланувчи хавфсизлик периметрлари ўрнатилади. Агар бола бу периметрдан ташқарига чиқса сизга хабарнома етказилади. Бундан ташқари, тизимда бола ҳозир қаерда эканлигини ҳам текшириш мумкин.

Бироқ, фақат техник имкониятлар билан чекланиш ярамайди. Агар фарзандингиз интернетга кириши оқибатида унинг хулқида ўзгариш содир бўлаётганини сезсангиз, энг кучли хавфсизлик тизими ҳам самимий суҳбат ўрнини боса олмайди. Шунинг учун ҳам бола билан интернетда ўзини тутиш қоидалари, у ерда учраши мумкин бўлган салбий оқибатлар ҳақида доим очиқ ва самимий гаплашиб туринг.

Бола интернетга кириб чиққач унда қандайдир ўзгариш кузатилса (жуда хурсанд ёки безовта), у билан нимадир юз берганини тахмин қилинг. Юзма-юз гаплашиш катта натижа бермаслиги мумкин, лекин баъзан муаммони иссиғида бартараф қилиш имконини ҳам беради. Бундан ташқари, болангизга у сиз учун қанчалик муҳим эканлигини ҳам исботлаган бўласиз.

Ўз фарзандига ҳақиқий ҳаётда ҳам, виртуал оламда ҳам хавфсизликни тушунтириш, турли таҳдидлардан огоҳлантириш ота-онанинг бурчидир. Киберхавфсизлик масалаларини жиддий қабул қилинг. Шунда сиз фарзандларингиз учун намуна бўлиб хизмат қилсангиз, улар ҳам интернетдан қўрқмасдан ва завқ билан фойдаланишади. Натижада улар ижтимоий тармоқ этикети ҳақида барча билимларга эга бўлиб улғайишади.

Интернетда болаларни ҳимоя қилиш бўйича тавсиялар

Биз ҳаммамиз фарзандларимизнинг келажаги бахтли ва хавфсиз бўлишини истаймиз, чунки улар бунга муносиб. Шундай экан, ҳозироқ ҳаракатни бошланг!

Интернетдан биргаликда фойдаланинг.

Фарзандингиз интернетда нима билан машғуллиги, қайси манбалардан фойдаланаётгани ҳақида қизиқинг. Буни бола билан чин кўнгилдан гаплашиш, баъзида у билан бирга интернетда вақт ўтказиш (масалан бирга ўйин ўйнаш) уни кераксиз контентлардан ҳимоя қилиш имконини беради.

Болаларга мустақил тарзда интернетдан фойдаланишга йўл қўйманг. Интернетга кириш учун қурилмани умумий хонада сақланг. Шунда бола сиз шу ерда эканлигингизни ҳисобга олган ҳолда ўзини назорат қилади. Агар сиз болангизнинг онлайн фаолиятини шахсан кузата олмасангиз, ота-она назорати иловасидан фойдаланинг.

Интернетдан фойдаланиш вақтини чеклаш.

Болаларга интернетдан фойдаланиш учун қолип керак. Уларга интернетда ўтириш учун қанча вақт етарли бўлиши ҳақида сўраб, келишган ҳолда маълум вақт белгиланг ва буни доим назорат қилинг.

Болаларга ҳар қандай ижтимоий тармоқда модераторларга ноўрин контент ҳақида шикоят қилиш имконияти борлигини тушунтиринг. Уларга бундан фойдаланишни ўргатинг. Масалан, ҳақоратли изоҳлар ёки хабарларни ўчиринг ва модераторни хабардор қилинг. Болада бу билан онлайн ҳаракатлар ҳақида кўникма пайдо бўлади.

Болага реал ҳаёт ва виртуал оламни фарқлашни ўргатинг.

Болаларга интернетдаги ахборотни реал ҳаётдаги ҳолат билан солиштириш кераклигини тушунтиринг. Улар ҳаётдаги каби онлайн оламда ҳам эҳтиёткор бўлишлари кераклигини билишсин.

Ётишдан олдин 10 дақиқани болангиз билан гаплашишга сарфланг: куни қандай ўтгани, интернетда нима яхши ёки нима ёмон бўлгани ҳақида суҳбатлашинг. Унинг фикрларини самимият билан қабул қилинг. Шунда у ҳар қандай вазиятда ҳам у билан хайрихоҳ бўлишингиз мумкинлигини ҳис қилади ва ҳар доим ташвишларини бемалол айта олади.

Ҳукм қилманг!

Виртуал ҳаётда болалар баъзан ёқимсиз ҳолатларга ҳам дуч келишади. Бундай ҳолларда сизнинг реакциянгиз жуда муҳимдир. Ғазабланманг, балки болага келажакда нима қилса тўғри бўлишини тушунтириб, қандай йўл тутаётганини зимдан назорат қилинг.

Болалар билан очиқчасига гаплашинг: ижтимоий тармоққа юкланадиган маълумотлар у ерда абадий қолиши мумкин. Агар ўқитувчиси ёки бувиси у юклаган фотосуратни кўрса, нима бўлиши мумкинлигини ёхуд бола улғайиб, обрўли лавозим эгаси бўлганда бу сурат қандай таъсир кўрсатишини ўйлаб кўрсин. Болалар интернетдаги ҳар бир ҳаракатларининг оқибатларини тушуниши керак.

Ўз билимингиз даражасини оширинг. Виртуал дунё ҳақида батафсил тушунчага эга бўлиш бу ҳақда болалар билан ишончлироқ гаплаша олишга имкон яратади. Дангасалик қилманг: фарзандингиз фойдаланадиган барча ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтинг, ижтимоий тармоқда унинг дўстлари сафига қўшилинг, унинг постларини ўқинг, у аъзо бўлган жамоалар билан танишинг. Онлайн хавфсизлик ҳақида мақолалар ўқинг, фарзандингиз билан интернетда ўйинлар ўйнанг (шундай ўйинлар бор). Бола вақт ўтказадиган дунёнинг бир қисми бўлинг – шунда у сиз билан ўзининг онлайн ҳаёт тафсилотларини баҳам кўришга ва маслаҳатларингизни тинглашга бажонидил тайёр бўлади.

Top