13:14 / 19.10.2021
776
Шавкат Мирзиёев пойтахтда шароити аянчли аҳволда бўлган шифохоналарни санаб ўтди

Тошкент шаҳрида “Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт” дастури амалга оширилади. Бу ҳақда президентликка номзод Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“Шаҳарнинг соғлиқни сақлаш тизимида бир қатор муаммолар йиғилиб қолгани аҳолимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мавжуд 76 та поликлиниканинг ярмида диагностика ускуналари 20-30 йилдан бери ишлатиб келинади. Шунингдек, пойтахтнинг 74 та шифохонасидан 35 фоизи кам қувватли, 5 таси кўп тармоқли тиббий хизматларни кўрсата олади, холос. 

Сергели ва Янгиҳаёт туманларида бирорта шифохона йўқ. Миробод, Яккасарой, Юнусобод ва Бектемир туманларида эса туғруқхона мавжуд эмас. Яккасаройдаги 3-сон болалар юқумли касалликлари, Шайхонтоҳурдаги болалар кардио-ревматологияси, Юнусободдаги 7-сон шифохоналаридаги шароитлар айниқса аянчли аҳволда. 

Шу боис, Тошкент шаҳрида “Соғлом турмуш ва сифатли тиббиёт” дастурини амалга оширамиз. Авваламбор, бирламчи бўғинда пойтахтнинг 575 та маҳалласида “тиббиёт бригадалари” ташкил этилиб, улар томонидан, диабет, аёллар онкологияси, ҳомила нуқсони, қамқонлик, ва паразитар касалликлар бўйича скрининг текширувлари амалга оширилади. 

13 та янги оилавий поликлиника қурилади, 25 таси тўлиқ таъмирланиб, энг замонавий ускуналар билан жиҳозланади, барча болалар шифохоналари ва туғруқхоналар таъмирланиб, жиҳозланади. Аёллар онкологияси, кўз ва сил касалликларини барвақт аниқлаш мақсадида 5 та тиббий диагностика автобуси орқали шаҳар маҳаллалари ва йирик корхоналарда мунтазам скрининг тадбирлари йўлга қўйилади. Келгуси йилда 50 та ва кейинчалик яна 100 та тез тиббий ёрдам машинаси олинади, шу орқали чақирувга кечикиш ҳолатларига барҳам берилади.

Миробод, Яккасарой, Юнусобод ва Янгиҳаёт туманларида поликлиника, диагностика маркази, замонавий лаборатория, туғруқхона ва кўп тармоқли шифохонани ўзига қамраб олган тиббиёт кластерлари ташкил этилади. Натижада, шаҳар шифохоналарида 30 турдаги хирургия, 15 турдаги эндокринология ва 12 турдаги кардиология янги даволаш амалиётлари жорий этилади. Бу – республика ихтисослашган тиббиёт марказларига мурожаатларни 4 баробарга камайтиради. Ушбу мақсадлар учун келгуси беш йилда бюджетдан 2 триллион сўм маблағ ажратилади. Шу билан бирга, келгуси икки йилда пойтахт аҳолиси учун давлат тиббий суғурта тизимини жорий этиш бошланади. 

Яна бир масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Халқ орасида “Янги ТошМИ” деб танилган Тошкент тиббиёт академиясининг 1,1 минг ўринли клиникаси 40 йилдан бери бирор марта капитал таъмирланмаган. Ушбу клиникани келгуси беш йилда тиббиёт тизимининг “флагмани”га айлантириш дастури амалга оширилади. Шунингдек, туташ ҳудудда энг илғор хорижий технологиялар асосида Республика онкология ва радиология тиббиёт маркази барпо этилади”, деди президентликка номзод.

Top