07:42 / 20.10.2021
6350
95 ёшли қиролича Елизавета II “Йил кампири” мукофотини олишдан бош тортди

Британия қироличаси, шу йил апрелида 95 ёшини қаршилаган Елизавета II ўзини “ҳали ёш ҳис қилиши” сабабли “Йил кампири” (The Oldie of the Year) мукофотини олишдан бош тортди. Бу ҳақда мукофот раиси Жайлс Брандрес маълум қилди.

Фото: Chris Jackson/Pool via AP

Мукофот 29 йилдан бери топшириб келинади.

Брандреснинг таъкидлашича, мукофот ташкилотчилари Букингем саройига қироличанинг пандемия вақтидаги етакчи ролини таъкидлаш мақсадида монархга мукофотни топшириш таклифи билан мурожаат қилишган, бироқ рад жавобини олишган. “Олия ҳазратлари инсон ўзини қанчалик кекса деб ҳис қилса, шунчалик қари бўлади, деб ҳисоблайди. Қироличанинг фикрича, у бу мукофотни олиш учун зарур бўлган мезонларга тўғри келмайди ва сиз унга муносиброқ номзод топасиз, деб умид қилиб қолади”, деб айтилган қироличанинг шахсий ёрдамчиси Том Лэнг-Бейкер томонидан имзоланган мактубда.

Мукофот ташкилотчиларининг таъкидлашича, “Йил кампири” (агар эркак кишига топширилса “Йил чоли”) мукофоти ўз вақтида Елизавета II’нинг онаси Елизавета Боуз-Лайонга, “Оскар” соҳиблари ва Нобель совриндорларига топширилган.

2011 йилда эса “Йил чоли” мукофоти Елизавета II’нинг марҳум турмуш ўртоғи шаҳзода Филипга 90 ёшга тўлганида топширилган. Ўшанда шаҳзода мукофот билан тақдирланишига ҳазилона муносабат билдирган. “Йиллар ўтаётгани ва бу жараён борган сари тезлашаётганини эслатиш каби ҳеч нарса руҳиятни бундай кучли кўтармайди. Бироқ бошқа томондан, сен ҳақингда ҳали ҳам эслашлари ёқимли”, деб айтган 2021 йилда 99 ёшида вафот этган шаҳзода.

Қиролича Елизавета II 25 ёшида отаси Георг VI ўрнига тахтга ўтирган. У 2015 йил сентябрда қиролича Викториянинг тахтни узоқ вақт эгаллаш бўйича рекордини ортда қолдирган. 2016 йил 13 октябрда Таиланд қироли Пумипон Адульядет вафот этгандан кейин эса ҳаёт бўлган монархлар орасида тахтни энг узоқ эгаллаётган ҳукмдорга айланган. Елизавета II, шунингдек, аёл монархлар орасида бу борада рекордчи ҳисобланади.

2017 йил 6 февралда қиролича тахтда қолаётганининг 65 йиллигини нишонлаган ва британ монархлари орасида “ёқут” юбилейни нишонлашга муваффақ бўлган биринчи монархга айланган. 2022 йил 2 июнда у Британия тахтини эгаллаётганига 70 йил тўлади. Қироличанинг “платина” юбилейи муносабати билан Лондонда парад ўтказиш режалаштирилган.

Top