20:15 / 03.11.2021
7643
“Ўзбекнефтгаз”: Энергетика вазири ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси томонидан “GTL” заводидаги якуний босқич қурилиш ишлари ҳолати ўрганилди

“Ўзбекнефтгаз GTL” заводида олиб борилаётган инвестицион лойиҳа ҳолатини ўрганиш мақсадида Энергетика вазири Алишер Султонов ва “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев, “ERIELL Group” Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов қурилиш майдонида бўлди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Ташриф давомида заводнинг технологик ҳудудларида ишга тушириш олди ишлари ва қувур, ускуналарнинг синов ишлари жараёни билан батафсил танишиб чиқилди. Шунингдек, GTL лойиҳаси қурилишининг якуний босқичларида амалга оширилаётган ишлар қурилиш майдонида муҳокама қилинди.

Қурилиш ишларида қатнашаётган пудратчи ташкилотлар вакиллари билан ишларни жадаллаштириш бўйича амалий чоралар кўрилишига келишиб олинди. Лойиҳа қуриб топширилганидан сўнг, ишга қўшиш (пуско-наладка)га тайёргарлик аҳволи, пандемия шароитида жалб қилинадиган маҳаллий ҳамда хорижлик мутахассислар тайёргарлиги бўйича масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Лойиҳага тааллуқли бўлган ички ва ташқи инфратузилма объектлари бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлили ўтказилиб масъулларга муддатли кўрсатмалар берилди.

Ўз навбатида, ишга тушириш-созлаш ишлари давом этаётган ишларни якунлаш бўйича масъуллар ва GTL заводи раҳбари Фахриддин Абдурасуловга кўрсатмалар берилди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Эслатиб ўтамиз, лойиҳанинг бош пудратчилари – Кореянинг “Hyundai Engineering”, “Hyundai Engineering&Construction” ҳамда “Enter Engineering” (Сингапур) консорциуми томонидан заводда ускуналарни ишга тушириш ишлари фаол суръатларда олиб борилмоқда.

Шу жумладан, лойиҳада ҳаво ажратиш қурилмасининг қурилиши, созлаш ва ишга тушириш ишлари доирасида субпудратчи сифатида иштирок этаётган “Air Products and Chemicals, Inc.” компаниясининг Марказий Европа, Россия ва МДҲ давлатлари бўйича Вице-президенти Вацлав Гарант, “ERIELL Group” Бошқаруви раиси Бахтиёр Фозилов ва “Enter Engineering Pte. Ltd.” бош ижрочи директори Улуғбек Усмонов билан ўтказилган муҳокамаларда ҳаво ажратиш ва бошқа қурилмалар доирасида қурилиш ишларини йил охирига қадар битиришга келишиб олинди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

Кутилаётган тантанали очилиш маросимини юқори даражада ўтказиш бўйича “Ишчи гуруҳ” шакллантирилди ва чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Заводни жорий йилнинг декабрь ойи охирига қадар ишга тушириш режалаштирилган.

GTL лойиҳаси ишга тушгач, йилига 3,6 миллиард куб метр тозаланган табиий газ (метан) қайта ишланади ва 1,5 миллион тонна юқори сифатли синтетик суюқ ёнилғи, жумладан, 307 минг тоннадан ортиқ авиакеросин, 724 минг тонна дизель ёнилғиси, 437 минг тонна нефть, кимё соҳаси учун хомашё бўлган нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқарилишига эришилади.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати Ⓣ

Top