10:17 / 03.11.2021
7504
Самарқанд вилоятида 3 нафар ҳоким ва 20 нафар ҳоким ўринбосарига ҳайфсан интизомий жазо чоралари қўлланди
Фото: iStock

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов 3 нафар ҳоким ва 20 нафар ҳоким ўринбосарини огоҳлантирган ва уларга ҳайфсан интизомий жазо чораларини қўллаган. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги барча вилоят, туман ва шаҳарлардаги ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК, KPI) асосида баҳолаш тизимини йўлга қўйди.

Агентликнинг argos.uz порталидаги “Рейтинг” саҳифасида 2021 йил июн ҳолатига (2-чорак бўйича) қуйидаги 6 турдаги рейтинг жойлаштирилди:

  • Натижадорлиги юқори ҳудудлар;
  • Ҳудудларда кўрсаткичлари энг юқори туман (шаҳар)лар;
  • Ҳудудларда кўрсаткичлари энг қуйи туман (шаҳар)лар;
  • Ҳоким ўринбосарларининг ЭМСК бўйича рейтинги;
  • Туман (шаҳар) ҳокимларининг топ-20лиги;
  • Туман (шаҳар) ҳокимларининг қуйи-20лиги.

Рейтинг натижаларига кўра, энг юқори кўрсаткичли вилоятлар рейтингида Навоий вилояти (87 балл) етакчилик қилмоқда. Вилоятлар орасида энг паст кўрсаткич Сурхондарёда (66 балл) қайд этилган.

Шунингдек, Самарқанд вилоятидаги Паст Дарғом, Каттақўрғон, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳри рейтингда энг паст натижаларни кўрсатган. Жумладан, туманлар орасида Паст Дарғом тумани вилоятда 1-ўрин, республикада 192-ўрин, Каттақўрғон тумани вилоятда 15-ўринда, республикада 185-ўринда, Ургут тумани вилоятда 14-ўринда, республикада 183-ўринда, Самарқанд шаҳри вилоятда 13-ўринда, республикада 177-ўринда қайд этилган (республика бўйича умумий рўйхатда 205 та ҳудуд бор).

Жорий йил 2 ноябр куни вилоят ҳокими бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида рейтингда паст кўрсаткич қайд этган шаҳар ва туман ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарларидан ҳисобот сўралган.

Йиғилиш якунида рейтингда паст кўрсаткич қайд этган 3 нафар ҳоким ва 20 нафар ҳоким ўринбосарига қатъий огоҳлантириш ва ҳайфсан интизомий жазоси қўлланиши белгиланган.

Top