09:50 / 10.11.2021
788
Андижонда 6 нафар алимент тўламаган ота жазога тортилди

Улар фарзанди учун тўланиши керак бўлган алиментларни ўз вақтида тўлашдан бўйин товлаган. Бу ҳақда МИБ вилоят бошқармаси ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қарздор А.А. фуқаролик ишлари бўйича Бўстон туманлараро судининг буйруғига асосан Р.М. фойдасига бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаб бориши белгиланган бўлса-да, қарздор А.А. алимент тўловларини ўз вақтида тўламасдан келган. 

Алиментдан 3 607 992 сўм қарздорлиги йиғилиб қолган масъулиятсиз отага судда чора кўрилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ чораси қўлланилди.

Шунингдек, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг буйруғига асосан қарздор Ж.З. ҳам бир нафар фарзанди таъминоти учун алимент тўлаши юклатилган. Ўз фарзандининг моддий таъминотидан бўйин товлаб юрган Ж.З.нинг ҳам қарзи йиғилиб, 8 738 000 сўмни ташкил  этган. Суд мажлисида ушбу қарздорга ҳам маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Худди шу куни жами 6 нафар алимент тўловчи шахсларнинг иши судда кўриб чиқилиб, фарзандлари таъминотидан қочиб, алимент тўловларини амалга оширмай юрганликлари учун Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47-4-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Top