07:45 / 12.11.2021
4316
Президентнинг таълим соҳаси бўйича айрим ҳужжатларига ўзгартириш киритилди

Президентнинг “Ўзбекистон президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармон билан 11.02.2021 йилдаги ПФ-6168-сон фармон 4-иловаси 7-банд норма билан тўлдирилди, унга асосан айрим ривожланган давлатлар таълим муассасаларида 1 йилгача бакалавриатга тайёрлов курслари (Foundation year/course) харажатлари мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси томонидан молиялаштирилиши мумкин. Бунда, тайёрлов курси ва бакалавриатда ўқишнинг умумий муддати 4 йилдан ошмаслиги лозим.

28-банд 4-хатбоши билан тўлдирилди. У билан белгиланишича, стипендиатнинг ўз хоҳишига кўра хорижда таълим олиш харажатларини молиялаштиришда унинг ўзи ёки молиявий кафиллари қисман иштирок этган тақдирда стипендиатнинг мажбурий ишлаб бериш муддатига ўзгартириш киритилмайди.

30-бандда белгиланишича, стипендиат узрсиз сабабларга кўра хорижий таълим, илмий ёки бошқа муассасаларнинг талабалари сафидан чиқарилган ёки вазирликлар, идоралар ва бошқа давлат ташкилотлари ёхуд давлат улуши мавжуд бўлган ташкилотларда меҳнат фаолиятини давом эттиришдан бош тортган тақдирда, жамғарма томонидан уни ўқитишга сарфланган барча молиявий харажатлар стипендиат ва унинг молиявий кафиллари (юридик ва жисмоний шахслар) томонидан солидар тартибда қоплаб берилади.

2-илованинг 9-банди жамғарма васийлик кенгашининг таълим дастурлари ва номзодларни саралаш танловини ўтказиш йўналишлари бўйича истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликларни ҳисобга олган ҳолда таълим соҳалари кесимида стипендиялар квоталарини ажратиш, шунингдек, танловда рақобат даражасини эътиборга олган ҳолда, квоталарга ўзгартиришлар киритиш ваколати билан тўлдирилди.

27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон фармонга 2-илова 36-позиция билан тўлдирилди. Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизимида рўйхатдан ўтказиш орқали ваколатли органни хабардор этиш тартибида ўтказиладиган текширувлар рўйхатига НТТларида, ишончли ахборотлар мавжуд бўлганда, тегишли лицензия ва тасдиқномасиз, шунингдек лицензия ва тасдиқномада назарда тутилмаган йўналишларда таълим бериш ҳолатларини текшириш киритилди. Текшириш муддати 10 кундан кўп бўлмаган муддатни ташкил этади.

2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сон қарорга илованинг 1-бандида ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига нафақат уйда, балки давлат таълим муассасаларининг фойдаланилмаётган бино ва иншоотлари хоналарида репетиторлик қилиш ҳам киради.

Top