23:00 / 14.11.2021
6369
Ҳакерлар ФҚБ электрон почтасини бузиб кириб, ундан ёлғон хабар тарқатди 

АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси 13 ноябрда ҳакерлар бюронинг электрон почтасини бузиб кириб, у ердан минглаб аккаунтларга киберҳужумлар содир этилиши мумкинлиги ҳақида ёлғон хабар юборганини тасдиқлади.

Фото: Reuters

ФҚБда таъкидланишича, мактублар бюронинг @ic.fbi.gov билан туговчи электрон почтасидан юборилган.

“Айни вақтда бошқа қўшимча маълумотларни тақдим қила олмаймиз”, деб айтилган махсус хизмат баёнотида.

Аввалроқ Bloomberg ахборот агентлиги ҳакерлар ФҚБ почтасини бузиб киргани ҳақида маълум қилган. 

Фойдаланувчиларга йўлланган мактубда ҳакерлик ҳужумини киберхавфсизлик бўйича мутахассис Винни Троя амалга ошириши айтилган. Троя 2020 йилда The Dark Overlord ҳакерлик гуруҳига нисбатан суриштирув олиб борган. Экспертларнинг таъкидлашича, ҳакерлар шу тариқа Троя номига “доғ туширмоқчи” бўлишган.   

Spamhaus Project британ ташкилоти маълумотларига кўра, ҳакерлар камида 100 минг аккаунтга спам жўнатган ва буни Нью-Йоркдан бошлаган.

Киберхавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи BlueVoyant компанияси бўлими бошлиғи Остин Бергласнинг таъкидлашича, ФҚБда бир нечта электрон почта мавжуд бўлиб, 13 ноябрда бузиб кирилгани умумий фойдаланиш учун мўлжалланган. ФҚБ ходимлари ундан жамоатчилик билан ёзишмаларда фойдаланади. Бюро ходимлари махфий ахборот билан бўлишиш учун эса бошқа электрон почта тизимини қўллайди.

Top