14:55 / 16.11.2021
41194
Ўзбекистонда ер участкаларини хусусийлаштириш тартиби белгиланди

“Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди.

Фото: iStock

Адлия вазирлиги хабарига кўра, қонун билан қуйидаги ерлар хусусийлаштирилиши мумкин: юридик шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар; фуқароларга якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш, тадбиркорлик ва шаҳарсозлик учун берилган ерлар (илгари ЯТТларнинг хусусийлаштирилиши назарда тутилмаган); хусусийлаштириладиган давлат объектлари жойлашган ерлар (илгари бу рухсат берилмаган); бўш турган ерлар.

Ер участкалари қуйидаги шаклларда хусусийлаштирилади: умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ерни сотиб олиш; ерни электрон онлайн-аукцион орқали сотиб олиш. Хусусийлаштиришдан тушадиган маблағлар давлат бюджетига йўналтирилади (илгари Урбанизацияни ривожлантириш жамғармасига йўналтирилган).

Aриза ДХМ ёки ЯИДХП (my.gov.uz) орқали берилади. Ариза кўриб чиқилиб хабарнома шаклда ижобий ёки салбий қарор қабул қилинади. Салбий қарор асослантирилган шаклда бўлиши шарт.

Қуйидагилар хусусийлаштиришни рад этиш учун асос ҳисобланади: хусусийлаштириш учун асос мавжуд эмаслиги; ерга нисбатан тугалланмаган суд ишларининг мавжудлиги; ерда жойлашган кўчмас мулкка қўйилган тақиқнинг ёки хатловнинг мавжудлиги; аҳоли пунктларининг тасдиқланган бош режаларида, аҳоли пункти лойиҳаларида хусусийлаштиришга монелик қиладиган маълумотларнинг мавжудлиги; давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш тўғрисида қарор мавжудлиги; хусусийлаштириладиган ер участкасини сотишга ёки бошқача тарзда ўзга шахсга ўтказишга нисбатан тақиқнинг мавжудлиги; аризада нотўғри, бир-бирига зид бўлган ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар аниқланганлиги; хусусийлаштириладиган ер пули тўланмаганлиги.

Хусусийлаштиришни бошқа сабабларга кўра рад этишга йўл қўйилмайди. Бўш турган ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали хусусийлаштирилади. Ерга бўлган мулк ҳуқуқи учун давлат ордери ер учун тўлов қилинганидан сўнг 1 иш кунида Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан берилади.

Қуйидаги ҳолатларда хусусийлаштирилган ерни мулкдордан олиб қўйиш мумкин: ерга ижро ҳужжатлари бўйича ундирув қаратилганда; ер давлат ва жамият эҳтиёжлари учун сотиб олинганда (эгасининг ёзма розилиги билан); ер мусодара қилинганда; ер реквизиция қилинганда (эпидемия, табиий офат вақтида). 

Хусусийлаштирилган ерни национализация (ҳақ эвазига давлат ихтиёрига ўтказиш) қилиш қонундан чиқариб ташланди. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.

Top