15:24 / 24.11.2021
2667
Шерзод Шерматов: “Сунъий интеллект билан ҳозир шуғулланмасак, эртага кеч бўлиши мумкин”

Сунъий интеллект имтиҳонлар ўтказиш ва баҳолаш тизимлари шаффоф ўтишида ҳам ёрдам бериши мумкин. Солиқ тизими, автомобил бошқариш, соҳаларида афсуски инсон омили ҳали жуда кўп. Бу эса “соядаги иқтисодиёт”, коррупция бўйича халқаро антирейтинглардаги ўрнимизга таъсир этмоқда, — деди вазир.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов “Innoweek.Uz-2021” ҳафталигида сунъий интеллект ёрдамида коррупция ва адолатсизлик каби ҳолатларга қарши курашиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

“Сунъий интеллект бир қараганда жуда қийин нарсага ўхшаб кўринади. Лекин ҳозир шу билан шуғулланмасак, эртага кеч бўлиб қолиши мумкин”, дея Шерматовнинг сўзларини келтирмоқда тадбирни ташкил этган Инновация вазирлиги ахборот хизмати.

Вазир сунъий интеллект давлат бошқарувида инсон омилини камайтиришини таъкидлаш билан бирга, технологиялар маълум йўналишларда ходимларга бўлган талабни кам камайтиришини қайд этди. Шунинг учун ёшларимиз бу каби технологияларни қайси касбда қандай қўллашни яхши ўрганиши керак, деди у.

“Ҳозирда республикадаги 12та устувор йўналишда сунъий интеллектни жорий этиш бўйича алоҳида тизим яратиш вазифаси қўйилди. Сунъий интеллект соҳасида илмий экотизим шакллантириш мақсад қилинган. Бу йўналишда алоҳида илмий тадқиқот институти ташкил этилди. 15та ихтисослашган лаборатория иши йўлга қўйилди.

Сунъий интеллект имтиҳонлар ўтказиш ва баҳолаш тизимлари шаффоф ўтишида ҳам ёрдам бериши мумкин. Солиқ тизими, автомобил бошқариш соҳаларида, афсуски, инсон омили ҳали жуда кўп. Бу эса “соядаги иқтисодиёт”, коррупция бўйича халқаро антирейтинглардаги ўрнимизга таъсир этмоқда”, – деди вазир 24 ноябр куни ўтказилган ҳафталик доирасидаги анжуманда.

АКТВ раҳбари 4 та олий ўқув юрти негизида 130 дан ортиқ сунъий интеллект соҳаси мутахассисларини ўқитиш бошлангани, 15 та олий ўқув юртида сунъий интеллектни иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида, давлат бошқаруви тизимида амалий қўлланиши бўйича курслар ва фанлар жорий этилганини ҳам маълум қилди.

“2021–2022 ўқув йилидан бошлаб “Сунъий интеллект” йўналишида кадрлар тайёрлаш бўйича олий таълим муассасалари ҳамда илмий ташкилотлар томонидан 77 та (яъни 59 та бакалавр ва 18 та магистратура) квоталар ажратилди ҳамда талабалар ўқишга қабул қилинди.

Олий аттестация комиссияси томонидан “Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект” номли докторантуранинг алоҳида йўналиши очилди. 2022 йилдан бошлаб сунъий интеллект соҳасида докторантурага 5 та квота ва мустақил тадқиқотчилар учун мақсадли квота ажратилди.

Сунъий интеллект соҳасида илмий-тадқиқот фаолиятини олиб бораётган ёш олимларни қисқа муддатли хорижий илмий стажировкаларга юбориш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 30 та квота ажратилди ҳамда танлов асосида ғолиблар АҚШ, Россия, Ҳиндистон ва Буюк Британиядаги етакчи хорижий университетларга ўқишга юборилди”, – деди Шерзод Шерматов.

Top