21:53 / 25.11.2021
5674
Электромобиллардан фойдаланиш кўрсаткичини ошириш бўйича ҳукумат режалари очиқланди

2025 йилгача Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг камида 20 фоизи, 2030 йилга бориб эса жамоат транспортларининг 80 фоизи электромобиллар бўлади.

Бу ҳақда, 24 ноябр куни АОКА мажлислар залида Глазго шаҳрида иқлим ўзгаришига бағишланган саммит (COP26) якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.

«Бутун дунё яшил транспортга ўтаётганда Ўзбекистон ҳам шунчаки қараб тургани йўқ ва бу борада ҳукумат аниқ позицияларини белгилаб олган.

Масалан, шу йил июл ойида электромобиллардан фойдаланишни ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланган. Унинг ичида эса босқичма-босқич қилинадиган ишлар режаси белгилаб олинган.

Ҳозир қўлимда ҳужжатнинг ўзи йўқ, лекин адашмасам, унда 2025 йилгача Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган автомобилларнинг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши кераклиги белгиланган. 2030 йилга бориб эса бу кўрсаткичда янада юқорилаш мақсад қилинган.

Шунингдек, 2030 йилгача Ўзбекистондаги жамоат транспортларининг 80 фоизини электрга асосланган транспортга ўтказиш вазифа қилиб олинган. Умуман, ҳукумат бу борада қатъий позицияга эга», – дея Иқтисодий тараққиёт ва қашшоқликни қисқартириш вазирлиги бошқарма бошлиғи Ўткиржон Холбадалов сўзларини келтирди Kun.uz мухбири.

Top