20:06 / 06.04.2022
18358
Экология қўмитаси сотиб олган электромобиллар кимларга берилиши маълум бўлди

Харид қилинган 10та электромобилдан 6таси Экология қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига, биттаси қўмита матбуот котибига, биттаси қўмита раисининг маслаҳатчисига, қолган иккитаси ходимларнинг навбатчилиги учун ажратилган.

Volkswagen e-Bora / Фото: Olx.uz

Давлат экология қўмитаси биринчилардан бўлиб хизмат машина паркига 10 дона электромобил сотиб олди.

Экоқўмита матбуот котиби Бунёд Абдуллаевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, электромобиллар хариди Давлат экология қўмитаси, БААнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва “Falcon Hunting Solutions” МЧЖ билан уч томонлама имзоланган меморандум доирасида амалга оширилган.

Бу меморандумга асосан, шунингдек, 8 та “Нива” ва 5 та “Дамас” русумли автомобиллар ҳам сотиб олинган.

“Келишувга кўра, Давлат экология қўмитаси тасарруфидаги муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар назоратини сифатли олиб бориш учун 22 дона “Нива” автотранспорт воситаси беғараз берилиши кўзда тутилган.

Электромобиллар Андижон вилояти, Фарғона вилояти, Жиззах вилояти, Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаларига, қўмита Марказий аппаратидаги матбуот хизмати раҳбарига, раис маслаҳатчисига ва қолган иккитаси ходимларнинг навбатчилиги учун ажратилди.

Қўмита автопаркидаги эскирган транспорт воситалари тизим ташкилотларига фойдаланиш учун берилмоқда”, деди Бунёд Абдуллаев.

Тақдим этилган электромобиллардан 6 таси Volkswagen e-Bora ва 4 таси e-Lavida моделларидир. e-Bora модели Ўзбекистон бозорида тахминан 24 минг доллар, e-Lavida эса 20-22 минг доллар нархда сотилмоқда.

Megawatt Motors'дан маълум қилишларича, e-Bora аккумулятор сиғими 40 кВт/с, двигател қуввати 136 от кучига эга. Максимал тезлиги 150 км/с., бир қувватда 270 км масофани босиб ўта олади. Оддий шароитда (розеткадан, 220 в) 8 соатда аккумулятор тўлиқ қувватланади.

e-Lavida эса 38.1 кВт/с, 136 от кучига эга ва максимал тезлиги 150 км/с.га тенг. Тўлиқ қуввати 278 км масофани босиб ўтишга етади.

Эслатиб ўтамиз, 28 март куни Экология қўмитаси ва Megawatt Motors ўртасида имзоланган меморандумга биноан, икки йил ичида Ўзбекистоннинг барча йирик шаҳарларида электромобиллар учун тезкор қувватлаш станциялари ўрнатиш бўйича давлат-хусусий шериклик лойиҳаси амалга оширилиши кутилмоқда.

Экоқўм келгусида қўмитанинг барча хизмат машиналарини электромобилларга алмаштиришни режалаштирган.

Top