16:21 / 25.11.2021
11921
Моргенштерн Россияни тарк этди. У ғалаба байрами харажатларини танқид қилганди
Фото: Алишер Моргенштерн. Ксения Собчак билан интервьюдан лавҳа

Россиялик машҳур рэп қўшиқчиси Алишер Моргенштерн мамлакатни тарк этди. Бу ҳақда қатор Россия ОАВлари, хусусан, Gazeta.ru ёзмоқда.

Манбада айтилишича, қўшиқчини хотини ва қўриқчиси билан бирга Смоленскдаги Москва-Минск поездига чиқишда кўришган. Моргенштерн Минскда концерт уюштирмаган ва унинг яқинда айтган гаплари учун таҳдидга учрай бошлагани тахмин қилинмоқда.

Кремль манзилига танқид

Октябр ойи охирида Моргенштерн журналист Ксения Собчак билан интервьюда Россия иккинчи жаҳон урушидаги ғалабани нишонлашга жуда катта пул сарфлашини танқид қилганди. «Тушунмайман, ҳар йили катта пул сарфлаб, бир кунни байрам қилишдан нима маъни бор? Менимча, ортиқ фахрланадиган нарса қолмаган. Хўп, қойил, улар урушни ютишди, лекин янги ғалабалар сари интилишда давом этиш керак. Ахборот технологиялари соҳасида, коинотда янги ғалабаларга эришинг, уларни нишонланг. Йўқ, биз, жин урсин, 76 йил аввал бўлган нарсани нишонлаймиз», деганди қўшиқчи.

Интервью эълон қилинган куннинг ўзида «Россия ветеранлари» гуруҳида бу ҳолат бўйича Россия Бош прокуратураси ва Тергов қўмитасига мурожаат қилиниши айтилганди. Ҳаракат етакчиси Илдар Резяпов «бу ерда гап тарихий хотира устидан кулганлик ҳақида» кетаётганини айтди. Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам воқеага муносабат билдириб, Моргенштерн айтган гапи учун жавобгарликни ҳис қилиши кераклигини айтди. «Бу гаплар билимсизликдан айтилган. Унга бирор ветеран билан гаплашиб, ғалаба байрами нима экани, нега ҳамон нишонланишини билиб олишни маслаҳат бераман», деди Песков.

Моргенштерн ўз саҳифасида унинг сўзлари чиркин мақсадлар йўлида фойдаланилгани, аслида байрамни камситмагани, шунчаки нега бунақа кўп пул сарфланиши тушунарсиз эканини айтди.

Россия Тергов қўмитаси ҳам бу ҳолатга тезда муносабат билдирди. Қўмита раиси Александр Бастрикин аввалига қўшиқчи қонунчиликни бузган-бузмагани процессуал тарзда ўрганилишини айтди. Кейинроқ эса яна қизиқарли фактлар ҳақида гапирди: «Блогер Моргенштерн ижтимоий тармоқларда накотик моддалари савдоси билан шуғалланади», деди Бастрикин.

Кремлнинг «тарихий қадриятини» танқид қилгач, Моргенштерн Россия жиноят кодексининг 230-моддаси 3 бандига асосан «Вояга етмаганларни наркортик моддалар истеъмол қилишга чорлаш» айблови бўйича текширила бошланди. Қўшиқчининг Pablo қўшиғига ишланган клипи асос сифатида текширилиши маълум бўлди. Шунингдек, Моргенштерннинг ижодий жамоасидагиларнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари текшириладиган бўлди.

24 ноябр куни Моргенштерн Россияни тарк этгани ҳақида хабар чиққан бўлса, бугун унинг Москвадаги Kaif ресторани ноқонуний алкогол маҳсулотлари сотгани сабаб ёпилгани маълум бўлди. Текширувда аниқланишича, ресторанда алкогол сотиш учун тегишли лицензия бўлмаган ва шу сабаб вақтинча ёпиб қўйилган.

Россиялик Алишер Моргенштерн ўзбекистонликлар орасида бухоролик Азим Абдуллаевга ўзи ўтказган Give-away танлови ғолиби сифатида «Mercedes-Benz E 200» автомобилини совға қилгани билан машҳур. 54 минг доллар турадиган машинани Ўзбекистонга олиб кириш учун Моргенштерн 340 миллион сўм тўлашга мажбур бўлганди. Мамлакатдаги бундай божхона қоидаларидан ҳайратга тушган қўшиқчи самолётга машинани олиб келгани учун 56 миллион сўм, шунингдек, улов рақамини Ўзбекистон рақамига алмаштириш учун яна пул тўлаган. Шу тариқа россиялик қўшиқчи ўз ваъдасини бажариш учун 54 минг доллар турадиган машинани Ўзбекистондаги эгасига топшириш учун 40 минг долларга яқин қўшимча тўловни амалга оширганди.

Top