17:12 / 29.11.2021
9712
Саакашвили Грузияга қайтиши сабабини айтди

Михаил Саакашвилининг таъкидлашича, унда Украина бош вазири бўлиш имконияти бор эди, аммо ватанини «телбаларча севгани учун» Грузияга қайтган.

Фото: Irakli Gedenidze / Reuters / Scanpix / LETA

Грузия собиқ президенти Михаил Саакашвили ватанига «мамлакати вайрон бўлаётганига жим қараб туролмагани» учун қайтган. У бу ҳақда Тбилиси шаҳар судида қилган чиқишида айтди.

Собиқ президентнинг сўзларига кўра, у турли давлатлардаги грузиялик эмигрантлар билан суҳбатлашганида улар «ўз мустақиллигини йўқотаётган ва Россия назорати остига ўтаётган Грузия»даги оғир ҳаёт ҳақида гапириб беришган.

«Менинг президентлик вақтимда оддий одамларнинг ҳаёти ҳозиргидан анча яхши эди. Бу миллий валюта курси ва ишсизликка ҳам тегишли. Пул топиш учун Грузиядан Польшага гала-гала грузинларнинг мавсумий ишларга бориши фожиа. Охирги йилларда Грузиядан 700 мингга яқин киши кўчиб кетган. Бу кўз олдимизда юз бераётган фожиа. Мен Киевда мамлакатим қандай вайрон бўлаётганини томоша қилиб ўтиролмадим», — деди Саакашвили.

Саакашвилининг таъкидлашича, унда Украина бош вазири бўлиш имконияти бор эди, аммо ватанини «телбаларча севгани учун» Грузияга қайтган.

«Украинада президент Порошенко даврида менга икки марта бош вазир лавозимини таклиф қилишди, лекин мен рад этдим. Ҳаммаси мен телбаларча севган Грузияга қайтиш учун», — деди сиёсатчи.

Сентябрь ойи охирида мамлакатга яширинча қайтган собиқ президент 1 октябрь куни қўлга олинганди.

Саакашвилига Грузияда кўплаб ҳолатлар бўйича жиноят иши очилган ва уларнинг иккитаси бўйича сиртдан 6 йиллик қамоқ жазоси ҳам эълон қилинганди.

Top