19:18 / 02.12.2021
2425
Австриянинг собиқ канцлери Себастьян Курц сиёсатдан кетишга қарор қилди
Фото: Getty Images

Австриянинг собиқ канцлери, 35 ёшли Себастьян Курц матбуот анжуманида сиёсатдан кетишга қарор қилганини маълум қилди. The Local нашрининг хабар беришича, у Австрия халқ партияси етакчиси лавозимини тарк этади ва парламентдан кетади.

Курцнинг таъкидлашича, охирги бир неча ой у учун “жуда оғир давр” бўлди, яқинда ўғил фарзандли бўлгани эса унга сиёсатда қолишни истамаётганини англашда ёрдам берди.

Сиёсатчи канцлер лавозимидан кетишига олиб келган коррупция иши бўйича терговга изоҳ бериб, ўзининг коррупцияга алоқадорлигини рад этган, бироқ “авлиё ҳам, жиноятчи ҳам эмаслигини” қўшимча қилган.

Курц 2017 йилда 31 ёшида энг ёш ҳукумат раҳбарига айланганди. У Австрия канцлери лавозимини 2017-2019 ва 2020-2021 йиллар давомида эгаллаган. 2013 йилдан 2017 йилгача эса Австрия ташқи ишлар вазири лавозимида фаолият юритган. Курц 2019 йилда ҳукуматга ишончсизлик билдирилгандан кейин истеъфога чиққан. Бироқ шундан кейин ўтказилган навбатдан ташқари сайловларда унинг партияси ғалаба қозониб, у яна канцлер лавозимини эгаллаган.               

2021 йил 9 октябрда сиёсатчи ўзига қарши қўзғатилган коррупцион тергов сабабли истеъфога чиққан, бироқ парламентдаги ва ўз партиясидаги фаолиятини давом эттирган. Ноябр ўртасида Курц депутатлик дахлсизлигидан маҳрум этилган.

27 ноябрда сиёсатчи ўғил фарзандли бўлганини маълум қилган. Шундан кейин ОАВда унинг сиёсатдан кетиши мумкинлиги ҳақида гаплар тарқалган.

Top