21:52 / 02.12.2021
26972
Столтенберг: НАТО Россия ва Беларуснинг тажовузига жавоб қайтаришга тайёр

Агар зарурат туғилса НАТО Латвияга қўшимча 40 минггача ҳарбий контингент ташлашга тайёр. Россия ҳарбийлари Украина чегарасида тўпланиши эса «энг ёмон оқибатлар»ни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳақда альянс бош котиби Йенс Столтенберг НАТО давлатлари ташқи ишлар вазирларининг Ригадаги учрашуви чоғида айтиб ўтди.

НАТО Болтиқбўйига қўшимча контингент ташлашга тайёр, аммо Украинага ҳеч қандай ваъда бера олмайди. Фото: GETTY IMAGES

Латвиядаги вазирлар учрашуви НАТОнинг янги стратегик концепцияси қабул қилиниши арафасида ўтказилди, концепция 2010 йилдан буён янгиланмай келаётганди. Аммо тадбирдаги асосий мавзулар россиялик ҳарбийларнинг Украина билан чегарада тўпланиши ҳамда ЕИ ва Беларусь ўртасидаги миграция инқирози бўлди.

НАТОнинг Латвиядаги ҳарбий иштироки оширилиши эҳтимоли ҳақидаги саволга жавобан бош котиб альянс исталган вақтда регионга 40 минг аскар ташлаши мумкинлигини айтиб ўтди.

«Сўнгги йилларда биз совуқ уруш давридан буён энг кенг кўламли мудофаа ҳаракатларини олиб бордик, Польша ва Болтиқбўйи давлатларида тўртта жанговар гуруҳ туздик, шунингдек, денгиздаги таъсир доирамизни ва жанговар шайлигимизни оширдик. Биз НАТОнинг тезкор ҳаракатлар учун тайёр турадиган қўшинлари сонини 40 мингга етказдик, улар зарурат туғилган ҳолатларда тегишли жойларга ташланади», деган Столтенберг.

Унинг сўзларига кўра, минтақадаги мамлакатларга чегарадаги миграция инқирозини бартараф этишда кўмаклашадиган мутахассислар юборилади

«Биз Лукашенко режими қандай қилиб ожиз одамлардан Польша, Латвия ва Литвага босим қилишда фойдаланаётганини кўриб турибмиз. Бу сурбетлик ва ноинсонийликдир. Биз бу муаммо қаршисида қолган альянс бўйича ҳамкорларимиз билан бирдаммиз. Биз ЕИ билан ҳамкорлик қиламиз - ЕИда ҳам, НАТОда ҳам алоҳида ҳолатда керакли барча инструментлар йўқ, аммо биз биргаликда муносиб жавоб бера оламиз», деган НАТО бош котиби.

АҚШ ҳозирча жим

Беларусь билан чегарадаги вазият фонида Латвия бу минтақадаги америкалик ҳарбийлар сонини оширишни сўраб АҚШга мурожаат қилишга улгурган. Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

Латвия президенти Эгилс Левитс АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкенга Беларусь чегарасидаги сўнгги воқеалар муносабати билан минтақадаги америкалик ҳарбийлар сонини ошириш бўйича мурожаат қилган.

Блинкен ўз чиқишида бу илтимосга аниқ жавоб бермади: унинг сўзларига кўра, бу масала муҳокама босқичида бўлиб турибди.

«Бизнинг НАТО келишувининг бешинчи пункти - альянс давлатларининг бирортасига қилинган ҳужум - барчага қилинган ҳужум бўлиши ҳақидаги банд бўйича мажбуриятларимиз - тошга ўйилган нақш каби ўзгармас. Биз иттифоқчиларимиз хавф остида қолиши, ўзимиз ҳам хавф остида қолишимизни англатишини чуқур тушунамиз. Биз режимни гибрид ҳаракатлар ва инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро нормалар бузилиши учун жавобгарликка тортиш масаласида ЕИ билан ҳаракатларни мувофиқлаштирамиз», деди Блинкен матбуот анжумани вақтида.

Столтенберг АҚШнинг Европадаги ҳарбий мавжудлиги ўсгани, қолаверса, янги доктринага кўра, АҚШнинг Германияда жойлашадиган қўшинлари сони бўйича чеклов олиб ташланишини эслатиб ўтган.

«Кўпроқ ҳарбийлар, кўпроқ техникалар, кўпроқ машғулотлар. Польшада жанговар гуруҳ бор, янги зирҳли танк бригадаси бор», дея қўшимча қилган НАТО бош котиби.

Миграция инқирози туфайли Польша, Латвия ва Литва НАТО келишувининг тўртинчи пунктини ишга туширишга тайёр эканликларини билдиришган, бу пункт альянс доирасидаги маслаҳатлашувларни кўзда тутади. Ўз навбатида, бешинчи пункт альянснинг бирор аъзосига агрессия кузатилган тақдирда биргаликда мувофиқлаштирилган ҳарбий жавоб қайтариш ҳақида.

Латвия президенти Эгил Левитснинг сўзларига кўра, минтақа мамлакатлари Польша томонидан ҳаракат бўлишини кутишмоқда, чунки айнан шу ерда вазият кескинлашуви кузатилган. «Агар Польша тўртинчи пунктни амалга оширишни сўраса, биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Аммо айни вақтгача Польша бундай қилмади ва биз ундан ташаббус кўрсатилишини кутмоқдамиз», деган у.

«Россияда овоз ҳуқуқи йўқ»

Йенс Столтенберг Россия тажовузкорлик учун «юқори баҳода тўлов қилиши»ни ваъда бермоқда, аммо Болтиқбўйи давлатлари «кучли жавоб» бўлишига шубҳа билан қарашмоқда. Фото: GETTY IMAGES

Йенс Столтенберг бир неча бор агар Украина билан муносабатларда агрессияга йўл қўйса, Россия «юқори баҳода тўлов қилиши» ҳақида огоҳлантирган. Унинг сўзларига кўра, гап сиёсий ва иқтисодий оқибатлар ҳақида кетмоқда.

У шунингдек, Украина - НАТО иттифоқчиси экани, аммо альянсга кириш учун мамлакат қатор ислоҳотлар ўтказиши лозимлигини билдирган. Столтенберг альянсга аъзо давлатга тажовуз бўлган тақдирда НАТО томонидан амалга оширадиган ҳаракатлар ва иттифоқчига нисбатан шундай ҳолат юз берганда қилинадиган ҳаракатлар бир хил даражада бўлмаслигини қўшимча қилган.

«Биз оғир қуролларни, артиллерия, зирҳли техникалар, дронлар ва радио-электрон тизимларни кўрмоқдамиз. Шунингдек, жанговар ҳолатдаги ўн минглаб жангчиларни. Биз Россия тажрибасини биламиз, улар Европадаги қўшни давлатларга ҳужумлар уюштирган: Грузия, Украинага. Молдавияда уларнинг аскарлари бор. Албатта, Россия яна куч ишлатиши эҳтимолини баҳолаш зарур», деган НАТО бош котиби..

НАТОнинг шарқий қанотидаги мамлакатларнинг ҳисоблашича, альянс Россиянинг Украина атрофидаги манёврларига етарлича кескин муносабат билдирмаяпти, деб ҳисоблайди. Латвия ташқи ишлар вазири Эдгар Ринкевичнинг сўзларига кўра, НАТО ҳатто «кучли жавоб» деб ҳисобланиши мумкин бўлган жавобга яқинлашгани ҳам йўқ.

Йенс Столтенберг бир неча бор Россияда Украинанинг НАТОга кириши масаласида овоз бериш ёки вето қўйиш ҳуқуқи йўқлигини таъкидлаб ўтди: «Улар дунёни Россия қўшнилари нима қилишини назорат қилишга ҳақли эканини тан олдиришга ҳаракат қилишади. Бу эса биз қайтмоқчи бўлган дунё эмас».

Мавзу
Украина инқирози
2021 йил давомида Россия Украина билан чегарада қўшин тўплади. Сўнгги вақтларда минтақада вазият кескинлашмоқда.
Барчаси
Top