23:07 / 10.12.2021
5282
Литва ташқи ишлар вазири Беларусь юклари транзити давом этаётгани сабабли истеъфога чиқди

8 декабрь куни АҚШнинг "Беларуськалий"га қарши санкциялари кучга кирди. Бунга қарамасдан, ушбу компания маҳсулотларининг Литва орқали транзити тўхтамади.

Фото: DELFI / Julius Kalinskas

Литвадаги ҳукмрон консерватив партия етакчиси Габриэлюс Ландсбергис АҚШ санкцияларига қарамасдан Литва орқали Беларусь юклари транзити давом этаётгани сабабли ташқи ишлар вазири лавозимидан истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзди.

У аризасини бош вазир Ингрида Шимонитега жўнатди, деб маълум қилди ҳукумат раҳбарининг матбуот котиби.

"АҚШ санкциялари киритилганидан кейин Литва орқали Беларусь юкларини ташиш билан боғлиқ қандай вазият вужудга келганини кўриб турибман ва бу сиз раҳбарлик қилаётган Литва ҳукумати нуфузига қандай таъсир қилишини тушунаман. Шу сабабли истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризамни қабул қилишни ва мени ташқи ишлар вазири лавозимидан қисқа муддат ичида бўшатишингизни сўрайман", – дея аризадан иқтибос келтиради Delfi.

Ландсбергис 9 декабрда истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилганди. Литва коммуникациялар ва транспорт вазири Марюс Скуодис ҳам истеъфо беришга тайёрлигини билдирди.

8 декабрь куни АҚШнинг "Беларуськалий"га қарши санкциялари кучга кирди. Бунга қарамасдан, ушбу компания маҳсулотларининг Литва орқали транзити тўхтамади. "Беларуськалий" ноябрда "Литва темир йўллари" хизмати учун бўнак тўлови ўтказган бўлиб, бу маблағ декабрь, январь ва февраль ойидаги хизматлар учун етади.

Lietuvos gelezinkeliai вакили Мантас Дубаускас январь ва февраль учун тўловларни "Беларуськалий"га қайтариш йўлларини излаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, компания 7 декабрь куни Swedbank орқали пулларни қайтарган, аммо "Беларуськалий"га хизмат кўрсатувчи ВТБ банки ўтказмани рад этгани учун 8 декабрь куни маблағлар Lietuvos gelezinkeliai ҳисобига қайтиб келган.

Дубаускас қайтарилган маблағ миқдорини маълум қилмади. Маълумотларга кўра, икки ойлик хизматлар учун тўлов 10 млн евро атрофида бўлиши мумкин.

Top