12:30 / 12.12.2021
38014
Антарктида тўғрисида кўпчилик билмайдиган 9та ғаройиб факт

200 йил муқаддам рус денгизчилари томонидан кашф этилган Антарктида ҳали ҳам охиригача тадқиқ этилмаган. Ердаги энг паст ҳарорат, катталиги шаҳарга тенг келувчи айсберглар, музларда қотиб қолган қадимий бактериялар – ушбу материкда яна нималар яширингани ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: Getty Images

1. Антарктидада метеорит кратери мавжуд

У Уилкс Ери ҳудудидаги муз қатлами остида жойлашган. 1958–1960 йилларда ана шу жойда олиб борилган геологик тадқиқотлар вақтида олимлар оғирлик кучи аномалияларини кузатишди. Кейин эса ана шу аномалиялар пайдо бўлишининг тахминий ҳудуди 240 километрга яқин диаметрли шар шаклида эканини аниқладилар.

Кейинчалик тадқиқотчилар бундай гравитацион номувофиқлик катта метеорит кратерлари яқинида бўладиган ҳолатга ўхшайди деган хулосага келишди. Қўшимча тадқиқотлар эса кратер диаметри 480 километрга етишини кўрсатди.

Тахминан 250 миллион йил муқаддам диаметри 50 километрга яқин бўлган метеорит мана шу ҳудудга тушган деб ҳисобланади. Гипотезаларнинг бирига кўра, портлашда юқорига кўтарилган чанг кўп асрлик совиш ва ўша вақтдаги флора ҳамда фауна катта қисмининг нобуд бўлишига олиб келган.

2. … фаол вулқон ҳам бор

Ҳайратланарли жиҳати, дунёнинг энг совуқ ҳудудида сайёрамизнинг энг фаол вулқонларидан бири – Эребус жойлашган. Унинг баландлиги 3 794 метрга етади. Вулқон чўққисига тадқиқотчи Эрнест Шеклтон бошчилигидаги экспедиция 1908 йилда етиб борган. Ўшанда олимлар учта кратернинг барчасини кўздан кечиришди.

Кратерлардан энг каттасининг диаметри 805 метр, чуқурлиги 274 метр эди. Вулқоннинг бир неча тешикларидан лава, олов ва тутун чиқиб туради. Тубида лава кўли жойлашган бўлиб, ҳали ҳам музламаган. Бу жуда ноёб ҳодиса.

Бироқ Эребус қитъадаги ягона вулқон эмас. Яқинда олимлар муз остида яширинган тизма топдилар. Унда 91та вулқон бор.

3. Бу ерда марварид булутларни кўриш мумкин

Фото: Vik‑is / Shutterstock

Айрим вақтларда Антарктида осмони ғаройиб чиройга эга булутлар билан қопланади. Улар турли рангларда жиловланади. Шунинг учун марварид булутлар деб аталади. Бундай эффект иризация – булутлар яшил ва пушти рангларга бўяладиган оптик ҳодиса туфайли юзага келади.

Бу каби булутлар ҳосил бўлиши шартларидан бири – аномал даража — 78 даражага яқин паст ҳарорат. Шунинг учун уларни одатда сайёранинг энг совуқ нуқталарида кузатиш мумкин.

4. Антарктиданинг ҳамма қисми ҳам муз билан қопланмаган

Бу материкни ёдга олганда кўз ўнгингизда нима гавдаланади? Эҳтимол, фақат қор ва муздан иборат чексиз муз чўли бўлса керак.

Бу ҳақиқатан ҳам қисман шундай. Бироқ мазкур жойда Мак-Мердо қуруқ водийси ҳам бор. У кенг қорсиз ҳудуд бўлиб, доим қуёш порлаб туради. Ёмғир ва қор эса бир неча миллион йиллардан бери ёғмаган.

Бу ерда ҳарорат кам-кам ҳолларда 0º С даражагача кўтарилади. Ёз фаслида у ўртача −14º Сни ташкил этади. Соатига 320 км тезликда эсадиган шамоллар туфайли бу ерда ёғингарчилик бўлмайди. Шамол намлик буғланишига олиб келади. Шунинг учун Мак‑Мердо водийсида қор ҳам, ёмғир ҳам бўлмайди.

5. Антарктидада фақат икки хил гулли ўсимлик мавжуд

Материк бой флора билан мақтана олмайди. Бу ерда гуллайдиган ўсимликлардан фақат колобантус кито ва Антарктида ўсимлиги мавжуд. Бу ўтсимон, доим яшил ўсимликлар бўлиб, уларнинг баландлиги мос равишда 5 сантиметр ва 20 сантиметрга етади. Бундан ташқари, мохлар, микроскопик замбуруғ ва сув ўтлари ҳам учрайди.

Антарктидада жон сақлаш учун ўсимликлар қитъанинг оғир шароитларига мослашишига тўғри келган. Нафас олиш ва фотосинтезга зарур намликни олиш учун уни дарҳол сингдиради. Чунки кучли шамол туфайли сув тезда буғланади.

6. Муз остида кўл яширинган

Антарктида музликлари остида жами 140та кўл мавжуд. Бироқ улар орасида энг машҳури – Россия антарктик станцияси номини олган Восток кўли. У сув остидаги дунёдаги энг катта кўл. Ўлчами 230га 50 километр. Қарийб тўрт километрлик қалинликдаги муз қатлами остида жойлашган. Яқин вақтгача унга кириш имкони бўлмаган.

Кўлнинг ғаройиблиги шундаки, у бир неча миллионлаб йил давомида атроф-муҳитдан ажралган. Демак, ундаги микроорганизмлар эволюцияси ердаги жараёнлардан мустақил равишда содир бўлган. Олимлар кўлда ҳаёт бор, деб тахмин қилишади. Чунки бунинг учун барча зарурий омиллар мавжуд: Востокнинг чучук сувларида кислород бор ва тубида нисбатан юқори — 10° C даражагача илиқ ҳароратга эга.

7. Антарктидада муз турли рангларда бўлади

У яшил, кўкдан тортиб, ҳатто қизил ранггача ҳам бўлиши мумкин. Ранг музлаш шартлари ва аралашма мавжуд ёки мавжуд эмаслигига боғлиқ. Вулқон ёнида кул сабабли муз қора рангда бўлади. Дарё яқинидаги муз эса лой аралашмаси туфайли сариқ ёки жигарранг тус олади. 

Планктон ва бактерия кўп бўлган жойларда муз сариқ, қизил ёки пуштирангда бўлиши мумкин. Масалан, сокин шароитларда музлаган музликлар кўпинча мовий ва кўк рангда бўлади.

8. Антарктидада “қонли” шаршара бор

Уни 1911 йилда олим Томас Гриффит Тейлор аниқлаган. Тадқиқотчи музликда сақланган сув ўтлари сувга ана шу рангни беради, дея тахмин қилган. Бироқ яқин вақтгача бу гипотеза тасдиқланмаган ҳам, инкор ҳам этилмаган.

Фэрбенксдаги Аляска университети тадқиқоти ёрдамида 2017 йилда шаршара сири очилди. “Қонли” оқим билан отилувчи сув узоқ вақт тўлиқ изоляцияда, ёруғлик ва кислородсиз бўлган, муз остидаги кўлдан сув юзасига чиқиши аниқланди. Кимёвий реакция унга тўқ қизил ранг беради: сувда эриган сульфатлар сульфитларга айланади ва тупроқдаги уч валентли темир ионлари билан оксидланади.

Тўлиқ қоронғилик ва кислород бўлмаган кўлда микроорганизмлар сақланиб қолгани ҳайратланарли. Бу эса ана шу шаклдаги ҳаёт бошқа сайёраларда ҳам сақланиб қолиши мумкин, дея тахмин қилиш имконини беради.

9. Антарктида ҳеч бир давлатга тегишли эмас  

Фото: Wim Hoek / Shutterstock

1961 йилда кучга кирган Антарктида тўғрисидаги келишувда ана шундай ёзилган. Ҳужжат илмий тадқиқотлар эркинлигини назарда тутади ва халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди. Совуқ ерлар мустақиллигининг яна бир қулай жиҳати, у ерга визасиз бориш имконияти. Бор-йўғи паспорт ва бориш учун рухсат тўғрисидаги айрим ҳужжатлар зарур. Бироқ Антарктидани сайёҳлар учун жозибадор деб бўлмайди: ўлка шароитлари оғир ва уни ўрганишга қизиққан жасур кишиларгина бу ерга келишга қодир.

Масалан, “Восток” станциясида декабрдан февраль ойигача 30-35 нафар олим бўлади. Қолган вақтда эса бу ерда 12-13 киши яшайди. Станцияга 1957 йилда асос солинган. Ўшандан бери бу ерда яшовчилар иқлим ўзгаришларини кузатади, муз қатламларини ўрганади, атмосферада магнит, электр майдонларини ўлчайди ва бошқа тадқиқотлар ўтказади.

Лайфхакер сайтидан олинди.

Top