18:45 / 12.12.2021
13225

«Парда ортида»ги парламент муҳокамаси — блогерларнинг ҳафта мавзулари

Якунланган ҳафта ҳам ўзбек блогосферасининг қизғин муҳокамаларига бой бўлди. Kun.uz блогерларнинг ҳафта мавзуларини тўплади.

Ёлғон: Нега депутатлар ва МТРК президент қарорини писанд қилмаяпти?

10 декабр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисидан жонли эфир бор-йўғи 48 дақиқа давом этди. Депутатлар муҳим қонун лойиҳалари муҳокамаси ва амалдорларнинг эшитувини доимгидек «пардалар орти»да ўтказишди.

Блогерлар бу ҳолатни кескин танқид қилди. Davletovuz’нинг «Ёлғон» сарлавҳали пости 100 минг мартадан зиёд кўрилди.

«Парламент қуйи палатасининг ялпи мажлиси тўғридан тўғри эфирга бор-йўғи 48 минут кетди. Унда бирор-бир масала кўрилмади, балки баландпарвоз гаплар, пахталар янгради. Гимн мақталди, инсон ҳуқуқлари мақталди, коррупция мақталди ва 48:48 дақиқада эфир узилди. Телеканалда кетмаса, интернетда кетавериши керак эди, аммо ундай бўлмади.

Ваҳоланки, депутатлар жиддий масалаларни кўриши керак эди. Масалан, давлат органлари шаффофлигини таъминлашда жамоатчилик назоратини кучайтириш бўйича парламент сўровига молия вазири Тимур Ишметовнинг жавоби, ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳақида яна филтрланган ахборот ўқишга мажбур бўламиз.

Парламент президент фармонини ижро этмаяпти. Депутатлар сайловчиларни алдаяпти», деб ёзди блогер.

Бу постни депутатлар Расул Кушербаев ва Дониёр Ғаниев ҳам ўз каналида улашди.

Блогер ва ҳуқуқшунос Баҳодир Аҳмедов ялпи мажлисларнинг ёритилиши битта каналга қараб қолганига эътибор қаратди.

«Парламент жонли эфир тўхтатилганини «ЎзрепортТВ» билан боғлабди.

Наҳот бутун бошли давлатнинг қонун чиқарувчи вакиллик органидаги йиғилишларни ёритиш битта хусусий телеканалга қараб қолган бўлса... Ҳеч бўлмаса интернетда кўрсатадиган ўзининг ресурси бўлмаса?..

Ўз ресурси бўлмаса, МТРК бор-ку? Бюджет лойиҳасида 560 млрд сўмдан кўпроқ пул бериладиган ташкилот нима қиляпти?

У ҳам бўлмаса, ЎзА бор. У ҳам жим. Жонли эфирда YouTube, Facebook орқали маълумот узатиб турилса ҳам бўлади-ку? Давлатнинг пиарчиси шу иккала ташкилот бўлиши керак эмасми ўзи?» деб ёзди у.

Блогер аслида депутатлар эмас, МТРК президент қарорини бажармаётганини таъкидлаган.

«Парламент президент фармонини бажариши ҳақидаги гаплар қонунан абсурд нарса. Парламент палаталари қарорлари президент фармонидан юқори турувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Бу ерда фармон ижросини амалга оширмаяпти деб МТРК айтилиши керак.

Гап бу ерда де-юре масала ҳақида кетмоқда. Амалдаги де-факто вазият ҳақида эмас». 

Ўзбекистон электр энергия энг арзон давлатлар рўйхатида. Бу ёмон, жуда ёмон

Иқтисодчи Отабек Бакиров нега мамлакатда электр энергия арзон бўлиши ёмонлигига эътибор қаратди.

«Ўзбек ОАВлари Британиянинг Cабле портали маълумотлари асосида энг арзон электр энергияга эга давлатлар рейтингида Ўзбекистон 7-ўринни эгаллаганига эътибор қаратишди. Негадир ўқувчилар орасида ва шарҳларда бу маълумот ижобий контекстда қабул қилинди. Аслида тескариси бўлиши керак эди.

Келинг, рўйхатга қараймиз. Осон бўлиши учун электр энергия биздан ҳам арзон мамлакатларга кўз югуртирамиз. Рўйхатни Ливия бошқариб турибди. Уруш ва ўзаро низолар гирдобида қолган, марказий ҳукумати фақат пойтахтни назорат қиладиган Ливия. Электр энергия 0,7 цент (75 сўм). Электр истеъмоли бўйича охирги маълумотлар 2014 йилга тегишли: жон бошига 1,8 минг кВт/соат.

Кейинги ўринда Ангола. Дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан. Электр энергия 1,3 цент (140 сўм). Жон бошига 300 кВт/соат энергия истеъмол қилинади.

Учинчи ўринда Судан. Парчаланиб кетган мамлакат. Электр энергия 1,4 цент (145 сўм). Жон бошига 190 кВт/соат электр ишлатилади.

Биздан юқори ўринларни эгаллаган Қирғизистон, Тожикистон ва Зимбабве ҳам жон бошига ЯИМда, ҳам электр истеъмолида биздан ортда қолган. Маълумот учун, жон бошига ЯИМ Ўзбекистонда 1700 доллар, жон бошига электр истеъмоли эса 2 минг кВт/соат атрофида», дейди у.

Иқтисодчи Ўзбекистон энг қашшоқ давлатлар рўйхатида эканини таъкидлаб, арзон энергия қандай оқибатларга олиб келишига тўхталди.

«Электр энергиянинг арзонлиги мамлакатда энергия генерациясини рағбатлантирмайди. Бирор инвестор энергия генерациясини ошириб даромад топишдан манфаатдор бўлмайди. Табиийки, иқтисодий ўсиш ҳам бўлмайди. Электр истеъмоли энг паст даражада қолаверади.

Занжир айланиб-айланиб шундай вазият юзага келадики, электр арзон, керак бўлса дунёда энг арзон, лекин ўша электрнинг ўзи бўлмайди. Энергия генерациясини ошириш учун тарифларни дунёда энг қиммат даражага олиб чиқиш шарт эмас. Лекин ўзаро рақобатлашадиган ва минтақавий давлатларга нисбатан қимматроқ афзаллик яратилиши керак.

Масалан, электр Қозоғистон, Россия ва Озарбойжонда Ўзбекистондан 1,5-2 баробар қимматроқ. Ваҳоланки, саналган мамлакатлар энергия генерацияси учун биздан кўра кўпроқ табиий ресурсларга эга. Ўз-ўзидан инвесторлар энергия генерацияси лойиҳалари учун Ўзбекистонни танлаши қийин бўлади.

Шу ўринда яна бир жиҳатга эътибор қаратмаса бўлмайди. Электр энергия арзонлигидан камбағаллар эмас, бой қатламлар манфаатдор бўлади. Яъни арзон, нобозор электр энергия ижтимоий тенгсизликни янада кучайтиради.

Ҳозир шу сатрларни Тошкентда ўтириб ёзаётганда, балки бозор қиймати 350 сўм бўлган электрни 295 сўмдан ишлатиб фойдаланмоқдаман. Яъни камида 55 сўмдан субсидия олмоқдаман. Лекин қишлоқда қолган қўли калта дўстим, имконияти чекланган қариндошим ё ўқувчи жиянларим чироғи ўчган қоронғи уйда ўтиришга мажбур. Энди буни мамлакат миқёсида ўзингиз тасаввур қилинг.

Свети ўчмайдиган ёпиқ маҳаллада, саройда яшайдиган, ойига 10 минг киловат электр ишлатадиган миллиардерга давлат турли каналлар орқали ойига 550 минг субсидия бермоқда. Солиштириш учун: Иш стажи бўлмаган нафақахўрларнинг нафақаси ҳам шунча эмас. Яъни арзон электр тарифлари билан биз камбағалларни жазолаб, бойларни рағбатлантиряпмиз.

Шундай экан электр масаласида очиқ бозор ва эркин нархлар платформасига қанча тез ўтсак, шунча яхши. Иқтисодий ўсиш учун ҳам, ижтимоий тенглик учун ҳам», дейди иқтисодчи.

Унинг фикрларини «Заметки экономиста» канали муаллифи, иқтисодчи Ботир Қобилов давом эттириб, электр энергия арзонлигидан камбағаллар эмас, бой қатламлар манфаатдор бўлиши ҳақида ёзди.

«2020 йилнинг ўзида Ўзбекистонда энергия субсидияси учун ЯИМнинг 6.6 фоиз улушига тенг маблағ ишлатилган. Фақат Венесуэла (6.8 фоиз) ва Ливияда (15.1 фоиз) бу кўрсаткич кўпроқ. Агар киши бошига чақсак, 2020 йилда ҳар бир инсонга 112 доллар субсидия тўғри келган экан. Агар биздан анча бойроқ мамлакатларга солиштирсак, бу жуда кўп, масалан Россияда 101 доллар, Индонезияда 25, Малайзияда 3 ва Кореяда эса киши бошига 1 доллар субсидия.

Бошқа контекстларга ҳам тегишли хулоса шундаки, нархлар эркин шаклланмайдиган, рақобат ва очиқ бозор мавжуд бўлмаган вазиятда сизга қандайдир нарса арзон бўлиб туйилса, катта эҳтимол билан унинг ортида катта субсидия бор», деган Ботир Қобилов.

Top