20:04 / 12.12.2021
4351
Саёҳат вақтида туғилган стартап ёхуд Netflix’нинг ҳайратга солувчи тарихи

Ҳозирги кунда, шубҳасиз, миллионлаб инсонлар учун маза қилиб кино кўрадиган жой de-facto Netflix платформасидир. Биргина ушбу сервис бутун дунё интернет ўтказишининг 15 фоизини ташкил қилиши ҳам юқоридаги фактни тасдиқлайди.

Фото: AFP

Почта орқали DVD етказиб бериш хизмати

Ўз фаолиятини оддийгина почта орқали DVD’ларни етказиб бериш билан бошлаган Netflix илк бор 1997 йил август ойида икки тадбиркор –Марк Рендолф ва Рид Ҳастингс томонидан ташкил этилган. Scots Valley (Калифорния)да иш бошлаган компания ҳозирга келиб дунёнинг етакчи интернет-кўнгилочар платформаларидан бирига айланган.

Компания дастлаб очилганда фақатгина фильмлар ижараси хизмати билан шуғулланар эди. Фойдаланувчилар Netflix веб-сайтида киноларга буюртма беришар ҳамда почта орқали DVD’ларни олишарди. Фильмларни томоша қилиб бўлгач, шунчаки уларни ўзлари келган конвертларда Netflix’га қайтаришарди. Ўша пайтларда ўзи яшайдиган яқин атрофда видеоларни ижарага берувчи дўкон бўлмагани учун бу хизмат ажойиб янгилик сифатида кўрилган.

Бугунга келиб Netflix кинофильмлар узатиш компанияси дунёнинг 200 га яқин мамлакатида 200 миллиондан ортиқ пуллик обуначиларга эга. У турли хил жанрлар ва тилларда кенг кўламли телесериаллар, ҳужжатли ва бадиий фильмларни тақдим этади.

Компаниянинг икки асосчиси

Рид Ҳастингс 1997 йилда Netflix’га асос солган бизнесменлардан бири ҳисобланади. У аввалроқ 1991 йилда дастурий таъминот ишлаб чиқувчилар учун асбоб-ускуналар тайёрловчи Pure Software компаниясига асос солган. Ушбу компания 1995 йилдаги IPO ва бир нечта харидлардан сўнг 1997 йилда Rational Software томонидан сотиб олинган.

Ҳастингс 1983 йилда Боудуин коллежида бакалавр ва 1988 йилда Стенфорд университетида сунъий интеллект бўйича магистр даражасини олди. Ушбу давр оралиғида у Тинчлик Корпуси сафида Свазиленддаги ўрта мактаб математика ўқитувчиси сифатида ишлаган. Бундан ташқари, Калифорния штати таълим кенгашида ва бир нечта таълим ташкилотлари кенгашида фаолият олиб борган. Бугунги кунда таълимга фаол хайрия қилади. 

Компаниянинг навбатдаги асосчиси Марк Рендолф Силикон водийсидаги фахрий тадбиркор, маслаҳатчи ва инвестор ҳисобланади. Netflix асосчиларидан бири ва бош директори сифатида у 150 миллион обуначига етган ҳамда жаҳон медиа тажрибасини тубдан ўзгартириб юборган хизмат пайдо бўлишида жонбозлик кўрсатган.

Рендолф университетни геология мутахассислиги бўйича тамомлаган ва Netflix’дан олдин турли хил почта ва мижозларга буюртма берувчи компанияларни ташкил этган ва бошқарган. Рендолф ўз фаолияти давомида камида олтита муваффақиятли стартапга асос солган. 1984 йилда асос солинган Masworld журнали шулар жумласидандир. Шунингдек, юзлаб бошланғич тадбиркорларга устозлик қилган.

Мижозлар эшигига қадар етказиб беришарди

Юқорида айтиб ўтилганидек, Netflix 1997 йилда Калифорния штатининг Скотс водийсида ташкил этилган. У дастлаб ижара учун тўлов амалиётидан фойдаланган ҳолда, почта орқали DVD’ларни етказиб бериш хизматларини кўрсатган. Фойдаланувчилар Netflix веб-сайтида ўзлари хоҳлаган фильмни излаб танлашарди ва буюртма беришади. Netflix эса уни мижознинг эшигига қадар етказиб берарди. Ижарага олувчилар DVD’ларни кўриб бўлгач, уларни шунчаки қайтариб жўнатишарди. Ижара нархи тахминан 4 доллар, почта тўлови эса 2 доллар атрофида бўларди.

Компания хизматларига талаб кескин ошганидан сўнг Netflix обуначиларга асосланган моделга ўтди. Ушбу моделда фойдаланувчилар DVD дискларини хоҳлаганча ўзлари билан олиб қолишлари мумкин эди, аммо фақатгина эски фильмни қайтариб янгисини ижарага олишлари мумкин эди.

Нимага айнан Netflix?

Netflix нега айнан шу ном билан аталиши ҳақида кўпчилик маълумотга эга бўлиши мумкин. Билмаганлар учун қўшимча эслатма: Netflix сўзи “Net” (интернет сўзининг қисқартмаси) ҳамда “Flix” (одатда flick, кино ва сериалларнинг умумий қисқартма номи) сўзларининг бирлашувидан ҳосил бўлган.

Ҳаммуассисликда бошланган стартап

Netflix ташкил этилган вақтда Рендолф Ҳастинг компаниясининг Pure Atria бўлимида маркетинг бўйича директор бўлиб ишлаётган эди. У, шунингдек, MicroWareHouse (компьютер почта-буюртма компанияси) ҳаммуассиси эди. Кўплаб маълумотларга кўра, жуфтлик Netflix ғоясини Санта-Круздаги уйлари ва Суннивейлдаги Pure Atria компанияси штаб-квартираси орасида саёҳат пайтида ўйлаб топишган.

Компания учун Ҳастингс бошланғич капитални таъминлайди ва ушбу стартапга 2,5 миллион доллар сармоя киритади. Ўша даврдаги Амазоннинг электрон тижорат моделидан илҳомланиб, жуфтлик шунга ўхшаш тарзда интернет орқали сотишда фойдаланиш мумкин бўлган турли хил портатив материалларни ўрганиб чиқишади.

Netflix 1998 йил апрель ойида дунёдаги биринчи онлайн DVD ижара компанияларидан бири сифатида ишга туширилди. Ўша даврда унда бор-йўғи бир нечта ходим меҳнат қиларди.

Компания босиб ўтган йиллар ва йўллар:

1997. Ҳаммаси шу вақтдан бошланди. Иккита тадбиркор ҳамкорликда онлайн кино ижараси билан шуғулланадиган компанияга асос солади.

1998. Компания ўзининг Netflix.com сайтида илк DVD ижарасини йўлга қўяди.

1999. Бир ойлик арзон нархларда чексиз DVD ижарасини таклиф қилган обуна хизматини синаб кўради.

2000. Тармоқнинг барча аъзолари орасидаги баҳолаш орқали фильмларни тавсия қилиш тизимини ишга туширади.

2002 йилда оммага тақдим этилган

АҚШда аъзолари сони 600 000 ни ташкил этган Netflix 2002 йилда Nasdaq’да “NFLX” белгиси остида ўз IPO’сини амалга оширади. Компания акцияси дастлаб 15 АҚШ долларига баҳоланган. Ўша йилни компания 857 000 га яқин обуначи билан якунлайди.

2003 йилда Netflix 1 миллиондан ортиқ аъзога эга бўлиб янги рекорд ўрнатди. Компания, шунингдек, АҚШ Патент ва савдо белгилари идорасидан ўз обунасини ижарага бериш хизмати учун патент олади. Айнан шу йилда компания ҳаммуассиси Марк Рандолф бошқарув кенгаши аъзолигидан кетади ва Netflix’ни тарк этади.

1 миллион долларлик мукофот

Шундан сўнг Netflix обуначилари сони йилдан йилга ўсиб борди. 2004 йилда 2 миллион обуначига эришган тармоқдан 2005 йилда 4,2 млн инсон фойдалана бошлади. 2006 йилда компания рекорд даражадаги фойдаланувчи сони – 5 миллионга етди. Компания, шунингдек, фильмларни тавсия этишда белгиланган миқдорга эриша олган биринчи шахс ёки жамоага 1 миллион доллар ваъда қилиб, ўзининг “Netflix мукофоти”ни ишга туширади. Компания фильмларни бирдан беш юлдузгача баҳоловчи тизимдан фойдаланган ҳолда 100 миллионга яқин аноним фильмлар рейтингини чиқарди. Бу шу кунгача эълон қилинган бу каби маълумотларнинг энг катта тўплами эди.

Бепул кўрсатувлар ва филмьлар...

2007 йилда компания Watch now деб аталган узатиш тизимини йўлга қўйди. Ушбу тизим Netflix обуначиларига телекўрсатувлар ва фильмларни шахсий компьютерларида кўриш имконини берарди. Дастлаб ушбу тизим фойдаланувчиларнинг обуна режасидан келиб чиққан ҳолда бепул узатиш соатлари ойига максимал 18 соат этиб белгиланган. 2007 йил охирига келиб Netflix 7,5 миллион обуначига эга бўлди, бу ўтган йилга нисбатан деярли 20 фоизга кўп эди.

Netflix дунёни эгаллаб борарди

Шундай қилиб тармоқ ўз хизматларини бутун дунё бўйлаб тақдим қила бошлади. Обуначилар сони йил сайин ўсиб борар, кўрсатиладиган хизматлар тури ва сифати янгиланишдан тўхтамасди. Дастлаб Канада, сўнг Европа мамлакатлари, кейинчалик Осиё давлатлари ҳам “забт этила” бошланди. Playstation, Apple, Amazon қурилмалари билан алоқа боғлаш имкониятлари яратилди. Компания учун 2014 йил 7 та Creative Emmy Rewards мукофоти ва 50 миллион глобал обуначи билан якунланди. 2015 йилда Netflix Австралия, Янги Зеландия ва Японияда ишга туширилди, Италия, Испания ва Португалия бўйлаб кенгайишда давом этади. Биринчи Netflix оригинал бадиий фильми Beasts of No Nation ҳам шу йилда яратилди. Шунингдек, Мексиканинг Club de Cuervoc комедияси билан ўзининг инглиз тилида бўлмаган биринчи оригинал сериалини ҳам тақдим этди.

2016 йилда ўз қамровини 190 та давлатга тарқатишга эришган компания ўз дастурларини 21 та тилда намойиш эта оларди. Айнан шу йили Netflix ТВ сериаллар ва шоуларни офлайн кўриш мақсадида “юклаб олиш” функциясини ишга туширди. Келгуси йилда 100 миллион обуначига эришган тармоқ ўз обрўсини La Casa de Papel (Испания), Suburra: Blood on Rome (Италия), ва Dark (Германия) фильмлари билан бойитди.

Компания бир-биридан ажойиб номинацияларда ғолиб бўлишдан тўхтамас, ҳатто Англия Премьер лигаси ўйинларини жонли трансляция қилиш ва “Узуклар ҳукмдори” сериалини эфирга узатиш ҳуқуқини сотиб олган Амазон ҳам Netflix’дан ортда эди.

2021 йил октябрь ҳолатига кўра, Netflix бутун дунё бўйлаб 214 миллиондан ортиқ обуначига эга, жумладан АҚШ ва Канадада 74 миллион, Европа, Яқин Шарқ ва Африкада 70 миллион, Лотин Америкасида 39 миллион ва Осиё-Тинч океани минтақасида 30 миллион. Netflix учун обуна тарифлари нархи ойига 7,99 доллардан 11,99 долларгача етади. Nasdaq’да битта Netflix акциясининг нархи 602 долларни ташкил этиб, умумий бозор капитализацияси 266,7 миллиард доллардан ортиқроқ.

Давлатбек Асадов тайёрлади.

Top