20:31 / 20.12.2021
1274
Самарқандда СЭОЖСБ ходимлари 67 миллион сўмлик лаборатория жиҳозлари ва яроқли дори воситаларини чиқиндихонага ташлагани аниқланди

2021 йил 18 декабр куни ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят Санитария-эпидемиологик ва жамоат саломатлигини сақлаш бошқармасидаги аянчли ҳолат ҳақида видеолавҳа тарқалган. Бошқарма ахборот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Муносабатда маълум қилинишича, бошқарма биноси ёнида аҳоли яшаш пункти жойлашгани ва меҳмонхона яқин бўлгани сабабли, ҳозирги кунда муфель печи ишлатилмасдан, зарарсизлантирилган тиббий чиқиндилар (утилизация) йўқ қилиш учун шартнома асосида олиб чиқиб кетилмоқда.

Вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасида ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш жараёни давом этаётган бир пайтда вирусология лабораторияси мудираси О.Ю. ва лаборант О.Н. томонидан яроқлилик муддати 2022–2024 йилгача бўлган умумий қиймати 67 миллион сўмлик лаборатория жиҳози ва реагентлар чиқиндихонага чиқариб ташлаб юборилгани аниқланган.

Мазкур воситалар президент томонидан коронавирус пандемияси даврида бюджет ва пулли хизмат маблағлари ҳисобидан ажратилган бўлиб, жумладан ПЦР ва ИФА усулида аниқланадиган реактивлар ҳамда экспресс-тестлар, диагностикум, реактив ва бошқа дори воситаларини ташкил этган.

Кичик тиббий ходим Х.Л.нинг тушунтиришича, у яроқли дори воситалари ва жиҳозлари бўлим мудири О.Ю.нинг топшириғига асосан тиббий чиқиндиларни йиғиш хонасига ва маиший чиқиндиларни ташлаш контейнерига олиб чиқиб ташланган.

Вирусология лабораторияси мудираси О.Ю. ва лаборант О.Н. томонидан фаолияти давомида ССВнинг амалдаги буйруқлари қўпол равишда бузилган ҳолда, қилинган ноқонуний хатти-ҳаракатларига асосан 102 хизмати чақирув рақамига хабар берилган.

Хабарга асосан, ҳозирги кунда Самарқанд шаҳар ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Терговга қадар суриштирув ишлари охирига етмагани сабабли зарарсизлантирилган тиббий чиқиндилар орасида бўлган яроқли дори воситаларининг чиқиб қолиши мумкинлиги инобатга олинган ҳолда сақлаб турилган.

Қайд этилишича, ашёвий далиллар ажратиб олингандан сўнг чиқиндилар белгиланган тартиб асосида (утилизация) йўқ қилинган.

Қайд этилишича, ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ тергов бўлими томонидан вилоят СЭО ва ЖСБда тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Ҳолат бўйича ҳуқуқ ва суд органлари томонидан қонуний ечим топилгач, қўшимча маълумот тақдим этилади.

Top